Иқтисодиёт | 17:35 / 27.03.2024
15239
3 дақиқада ўқилади

“Аҳолини рўйхатга олиш учун 800 млрд сўм маблағ талаб этилади” — Статистика агентлиги масъули

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2025-2026 йилларга мўлжалланяпти. Статистика агентлиги вакилининг маълум қилишича, бу борадаги комплекс тадбирлар учун 800 млрд сўм керак бўлади. Рўйхатга олиш орқали мамлакат аҳолисининг демографик таркиби, ижтимоий-иқтисодий ҳолати ҳақида маълумотларга аниқлик киритилади. Ўзбекистонда охирги марта аҳоли 1989 йилда рўйхатга олинган.

Қобилжон Бердиқулов

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш 2025-2026 йилларга мўлжалланяпти. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу тадбирни ўтказиш учун 800 млрд сўм маблағ талаб этилади. Бу ҳақда 27 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг саволига жавобан Статистика агентлиги бошқарма бошлиғи Қобилжон Бердиқулов маълум қилди.

“2019 йилда аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланганди. 2021 йилда 4 та ҳудудда синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказдик. Бунда аҳолини рўйхатга олишнинг 3 та усулини тестдан ўтказдик. Ҳозир республика бўйича аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширишни режалаштиряпмиз. 2020 йилда пандемия туфайли бу тадбир қолдирилди.

Бу жуда катта меҳнат талаб қиладиган тадбир бўлгани учун унинг молиявий ва техник томонларини кўриб чиқиб, тизимимизни такомиллаштирган ҳолда 2025-2026 йилларда ўтказиш режа қилинган. Бутун тадбирни ўтказиш учун 800 млрд сўм маблағ талаб этилади”, – деди Қобилжон Бердиқулов.

Маълумот учун, 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш учун республика бюджетидан 10 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган бўлса, 2024 йилги бюджетда бу йўналишдаги харажат 18 млрд сўм бўлиши белгиланган.

Аҳолини рўйхатга олиш қачон ўтказилиши керак эди?

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш умуммиллий тадбири 2022 йилда ўтказилиши керак эди. Хусусан, 2019 йил 5 февралда “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги президент фармони, 2020 йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганди.

Кейинчалик коронавирус пандемияси туфайли мазкур тадбирни ўтказиш муддати узайтирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, республикада аҳолини рўйхатга олиш ишлари 2023 йилнинг 1-25 ноябрида ўтказилиши белгиланганди. Бироқ бу тадбир 2023 йилда ҳам амалга оширилмади.

2024 йил 4 март куни имзоланган президент қарори билан аҳолини рўйхатга олиш ишларини ўтказиш 2025−2026 йилларга режа қилинди.

Ўзбекистонда сўнгги марта аҳолини рўйхатга олиш собиқ иттифоқ даврида, 1989 йилда ўтказилган.

Бу нимага керак?

Аҳолини рўйхатга олиш маълум бир санада Ўзбекистон аҳолисининг сони, ёши, жинси, диний ва этник таркиби, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлиги, иқтисодий фаоллиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги хусусида батафсил маълумот олишга ёрдам беради.

Шунингдек, рўйхатга олиш – аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларнинг тақсимланишини ҳисоблашда ишлатилади, миграция ҳолатини, меҳнат ресурслари тақсимотини аниқ кўрсатиб беради.

Натижалар ҳудудларни ривожлантириш, аёллар ва болалар саломатлигини сақлаш бўйича ишларнинг манзилли амалга оширилиши учун ҳам ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид