Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Толибон” ва Россия: ҳарбий яқинлашув нимани англатади?
Покистон билан доимий тўқнашувлар фонида “Толибон” Россия билан ҳарбий ҳамкорлик масаласини муҳокама қиляпти. Кун тартибида асосан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш ва ҳарбий техникаларни таъмирлаш масаласи тургани айтиляпти. Kun.uz сиёсий таҳлилчилардан бу ҳамкорликнинг Марказий Осиё учун аҳамияти ҳақида сўради.
— Россиянинг “Толибон” билан ҳарбий ҳамкорлиги Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилади?
Камолиддин Раббимов: “Толибон” сиёсий тизими ва Россия Федерацияси ўртасида ҳозирча сифат жиҳатидан юқори даражадаги ҳамкорлик шаклланмаган. Мавжуд алоқалар асосан чекланган ва кўпроқ риторик характерга эга. Яъни томонлар ўзаро дўстликни таъкидловчи баёнотлар билан чиқмоқда: “сиз бизнинг дўстимизсиз, биз сизнинг дўстингизмиз” қабилидаги сиёсий нутқлар устунлик қилмоқда.
Россия томонидан “Толибон” ихтиёридаги эски ҳарбий техникаларни, жумладан, танк ва артиллерия воситаларини таъмирлаш бўйича айрим ҳамкорлик мавжуд. Бироқ бу “Толибон”ни янги ҳарбий қудратга айлантирмайди. Бундай лойиҳалар, биринчидан, молиявий жиҳатдан тўлиқ таъминланиши керак, иккинчидан, Россия бу хизматларни бепул амалга оширмайди. Шунингдек, бу маблағларни ким ва қандай шаклда тўлаши масаласи ҳам очиқ қолмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатадики, сиёсий келишувларнинг катта қисми дастлаб тантанали учрашувлар ва баёнотлар билан имзоланади, бироқ кейинчалик уларнинг муҳим қисми тўлиқ амалга ошмайди ёки қадрсизланади. Расмий ташрифлар давомида илиқ кутиб олиш, меҳмондўстлик муҳитини яратиш орқали дўстона алоқалар намойиш этилади, аммо бу ҳар доим ҳам реал стратегик ҳамкорликни англатмайди.
Бугунги кунда ҳеч бир йирик давлат “Толибон”ни кучли геосиёсий ёки ҳарбий иттифоқчига айлантиришга жиддий интилаётгани кузатилмайди. Дастлаб Хитой томонидан эҳтиёткор қизиқиш бўлган бўлса-да, ҳозирги вазиятда “Толибон” атрофида икки асосий геосиёсий кесишув мавжуд: юқори даражада АҚШ ва Хитой рақобати, минтақавий даражада эса Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик.
Тарихий жиҳатдан қаралганда Афғонистон ҳудуди ташқи кучлар учун мураккаб майдон бўлиб келган. Бу ерга кирган йирик давлатлар – Британия империяси, Совет Иттифоқи ва АҚШ узоқ давом этган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг сезиларли йўқотишлар билан чиқиб кетган. Шу боис сиёсатшунослар орасида Афғонистон кўпинча “империялар қабристони” деб аталади.
“Толибон”нинг ўзи ҳам ташқи экспансия сиёсатини қўллаб-қувватламаслигини бир неча бор таъкидлаган. Улар ўз ҳудудини ҳимоя қилишга тайёр эканини билдирган, бироқ бошқа давлатларга бостириб кириш нияти йўқлигини қайд этган. Россия ҳам “Толибон”ни расман тўлиқ сиёсий тизим сифатида тан олмаган. Худди шундай, Хитой ҳам бу борада эҳтиёткор позицияни сақлаб қолмоқда. Дипломатик алоқалар, элчилар алмашинуви, расмий ташрифлар мавжуд бўлса-да, тўлиқ сиёсий легитимация ҳали берилмаган.
Шу билан бирга, “Толибон” ҳозирда прагматик сиёсат юритишга ҳаракат қилмоқда. Улар Марказий Осиё давлатларига нисбатан таҳдид бўлмаслигини бир неча бор таъкидлаган. Агар “Толибон” Россия билан ҳамкорлик қилиб, минтақага хавф туғдирадиган сиёсат юритса, бу ўз манфаатларига зид бўлар эди. “Толибон” мафкуравий жиҳатдан диний ҳаракат ҳисобланади. Шу сабабли улар ўз эътиқодига қарши сиёсат юритса, бу уларнинг ички легитимлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳамза Болтаев: Тарихан Россия узоқ вақт давомида Ғарбга интилиб келган. Ҳозир ҳам Европа билан яқинлашиш, ундан таъсирланиш тенденцияси маълум даражада сақланиб қолган. Бироқ энди глобал иқтисодий ва технологик марказлар анъанавий Ғарб ҳудудларидан Жануби-Шарқий Осиёга силжимоқда.
Шу сабабли Россия ҳам Хитой, Ҳиндистон ва бошқа Осиё давлатлари билан узоқ муддатли иқтисодий, ҳарбий-техник ва сиёсий алоқаларни ривожлантиришга мажбур. Айниқса, Россиянинг Жанубий Осиё билан алоқалари кўп жиҳатдан Марказий Осиё орқали амалга оширилади. Энергетика лойиҳалари, ҳарбий стандартларнинг тарқалиши ва хавфсизлик ҳамкорлиги – буларнинг барчаси Россия манфаатларига хизмат қилади.
Бу геосиёсий “шахмат тахтаси”да Афғонистон муҳим ўрин тутади. Афғонистон билан барқарор муносабатлар ўрнатишда Марказий Осиё Россия учун стратегик кўприк вазифасини бажаради.
Ҳозирги вазиятда Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Покистон Афғонистондаги айрим қуролли гуруҳларни, хусусан, “Теҳрике-Толибон Покистон” фаолиятини ўз миллий хавфсизлигига таҳдид деб билади. Шунингдек, қочқинлар муаммоси ҳамда чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари, айниқса, Дюранд чизиғи бўйича келишмовчиликлар мавжуд.
Узоқ вақт давомида Покистон дипломатик йўлни устувор деб билган бўлса-да, сўнгги йилларда ҳарбий чоралар устунлик қила бошлади. 2025 йил октябр ва 2026 йил феврал ойларида амалга оширилган ҳарбий операциялар Афғонистон ҳудудига, ҳатто Кобул атрофида ҳам зарбалар берилиши билан ажралиб турди. Натижада “Толибон” ўз хавфсизлигини таъминлаш учун муқобил ҳамкорлар излашга мажбур бўлмоқда.
Бу борада Хитойнинг позицияси эҳтиёткор: у Афғонистон билан алоқаларни асосан Покистон манфаатлари призмаси орқали кўради. Покистон ҳарбий-техник таъминотининг катта қисми Хитойга боғлиқ эканини ҳисобга олсак, “Толибон” учун Россия муқобил ҳамкор сифатида кўринади.
Шу нуқтайи назардан, Марказий Осиё ва Афғонистонда Россия ва Хитой ўртасида яширин рақобат мавжуд бўлиши мумкин. Кўпчилик Хитой учун асосий таҳдид АҚШ деб ҳисоблайди, аммо узоқ муддатли истиқболда Ҳиндистоннинг иқтисодий, демографик ва сиёсий салоҳияти ҳам муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, Ҳиндистоннинг Россия билан энергия ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлиги Хитой учун стратегик мувозанат масаласини юзага келтиради.
Покистон учун эса асосий таҳдид Ҳиндистондан келади. Шу контекстда Афғонистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларнинг ривожланиши Покистон манфаатларига зид ҳисобланади. Масалан, Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақийнинг Ҳиндистонга ташрифи ва икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг жонланиши Покистонда хавотир билан қабул қилинмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Россия ва “Толибон” ўртасидаги яқинлашув ҳозирча Марказий Осиё учун бевосита таҳдид даражасига етгани йўқ. Бироқ минтақадаги мураккаб геосиёсий рақобат ва хавфсизлик муаммолари сабабли бу масала доимий эътибор талаб қилади.