Жаҳон | 15:41 / 19.05.2024
15391
12 дақиқада ўқилади

Помир трактидан Аргентинадаги трассагача – дунёнинг энг чиройли автойўллари қаерда жойлашган?

Тоғлар ёки миллий табиат боғларидан ўтган йўллар дунёдаги энг чиройли йўллар ҳисобланади. Тасаввур қилинг, денгиз сатҳидан 4 минг метр баландликдасиз. Қуёш чиқиб турган бўлса ҳам ҳаво совуқ. Атрофдаги баланд тоғ қояларида эса қорлар кўриняпти. Автомобилда табиатнинг гўзал манзараларни томоша қилиб кетяпсиз...

Автомобилда сайр қилиш ҳар доим инсонга завқ беради. Айниқса атроф чиройли манзараларга бой бўлса автомобилда юриш кишини умуман чарчатмайди.

Шу сабабли ҳам дунёда айнан автомобилда сайр қилиб, табиат манзараларидан баҳра олишни истайдиганлар етарлича бор. Шунга яраша гўзал манзараларга эга йўллар ҳам кўп.

Жумладан Ўзбекистонда ҳам Қамчиқ довонидан ошиб ўтадиган, Қизилқум чўлларидан ўтадиган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақорача довони йўли ва бошқа йўллар кишига завқ берувчи чиройли манзараларга бой.

Қамчиқ довонидан ўтган йўл
uzbloknot.com

Америкада чоп этиладиган National Geographic журнали ва дунёдаги бошқа кўплаб нашрлар томонидан дунёдаги энг чиройли йўллар рўйхати тузилган. Бу рўйхатга Марказий Осиё ҳудудида жойлашган Помир тракти ҳам киритилган.

Помир тракти М-41 Бишкек-Ўш-Душанбе-Термиз халқаро автомобил йўлининг бир қисми ҳисобланади. Бу йўл саёҳатчилар учун қизиқ йўналиш ҳисобланади ва ҳар йили уни босиб ўтиш учун дунёнинг турли чеккаларидан сайёҳлар келишади.

Қуйида энг чиройли йўллар рўйхатининг юқори қисмида жойлашган 10 та йўл билан таништирамиз.

Вердон дараси, Франция

Вердон дарасидан ўтган йўл
www.airbnb.ca

Вердон дараси (Gorges Du Verdon) Франциянинг жанубий-шарқида, Вар ва Юқори Прованс Алплари провинцияларида жойлашган.

Дара Вердон дарёси бўйлаб чўзилиб кетган. Бу ерда автомобил йўли тоғ этаги бўйлаб оқадиган дарё қирғоғидан ўтказилган. Бир томонда тик қоялар, пастда дарё оқади ва ана шу манзара жуда чиройли кўринади.

Даранинг бир қисми баланд қоялардан иборат ва у 25 километрга чўзилган. Йўлнинг узунлиги эса бир неча юз километрни ташкил этади.

Дара бўйлаб кетган йўл юқорига қараб кўтарилиб боради ва айрим жойларда тик қояларнинг баландлиги 700 метрга етади.

Помир тракти, Қирғизистон-Тожикистон

Помир тракти
pikabu.ru

Қирғизистон ва Тожикистон бўйлаб ўтган Помир тракти М-41 Бишкек-Ўш-Душанбе-Термиз халқаро автомобил йўлининг бир қисми ҳисобланади.

1930-йилларда Марказий Осиёда ҳали совет ҳукумати тўлиқ ўрнатилмаган, тоғлар орасида яшовчилар ҳатто СССР деган давлат борлигини ҳам билишмасди. Ана шундай шароитда советлар СССР чегараларини мустаҳкамлаш учун Помир тоғлари устидан йўл тортган.

Помир тракти бир неча юз километрдан иборат ва унинг бир қисми денгиз сатҳидан 4 минг метр баландроқдан ўтади. СССР парчаланиб кетгандан сўнг бу йўл анча таъмирталаб ҳолга келиб қолган.

Уни таъмирлаш учун Қирғизистон ва Тожикистонда маблағ йўқ. Йўлнинг фойда келтириш эҳтимоли пастлиги учун халқаро молиявий ташкилотлар пул ажратмайди.

Помир тракти жойлашган ҳудудлар жуда гўзал манзараларга эга. Шу сабабли ҳар йили бу йўлдан ўтиш учун сайёҳлар келишади. Шунингдек, ёз мавсумида Хитой, Қирғизистон ва Тожикистонга тегишли юк машиналари ундан ўтиб қайтади.

Далтон-Хайвей йўли, АҚШ

Далтон-Хайвей шоссеси
stock.adobe.com

Дайтон-Хайвей йўли Аляскада жойлашган. У 666 километр бўлиб, штат ҳудудини жанубдан шимолга кесиб ўтади. Бу йўл бир пайтлар Трансаляска нефтопроводини тортиш пайтида очилган.

Кейинроқ ундан ҳамма фойдалана бошлаган. Бу йўлнинг асосий қисмига ҳанузгача асфалт ётқизилмаган. Йўл узоқ йиллар давомида Аляскада ишлаган муҳандис Жеймс Далтон номига қўйилган.

Далтон-Хайвей йўлидан юрмоқчи бўлганлар ўзи билан ёқилғи захирасини олиши керак. Йўл камқатнов бўлгани учун тадбиркорлар у ерда АЁҚШ ташкил этмаган. 666 километрлик йўлда фақат икки жойда АЁҚШ бор холос.

Далтон-Хайвей йўлида Алясканинг жуда чиройли манзаралари жойлашган. Уларни кўриш учун ҳар йили бу ерга кўплаб сайёҳлар келади. Улар Далтон-Хайвей йўлидан ҳаракатланиб гўзал манзаралардан баҳраманд бўлишади.

Трансфегераш шоссеси, Руминия

Трансфегераш шоссеси
www.alamy.com

Руминиядаги тоғли Фегараш массивидан ўтган йўл 1970 йилда, мамлакатни Николае Чаушаску бошқариб юрган пайтларда лойиҳалаштирилган.

Ўша пайтда Руминиянинг Валахия ва Трансилвания вилоятларини боғловчи йўл тоғни айланиб ўтар эди. Чаушеску норозилик намойишлари бўладиган бўлса ҳарбий техникаларни осонроқ етказиб бориш учун Фегераш тоғлари орқали қисқароқ йўл қуришга буйруқ беради.

Йўл қурилгандан сўнг Валахия ва Трансилвания ўртасидаги йўл қарийб 400 километрдан 200 километрга қисқаради.

1980-йиллар охирида Чашеску тахтдан ағдарилади. Руминия социалистик лагердан чиқиб Европа ҳамжамиятига қайтади. Шундан сўнг йўлнинг аҳамияти ортади ва мамлакат сайёҳлик салоҳияти учун хизмат қила бошлайди.

Бугунги кунда Трансфегераш шоссеси деб аталадиган йўл Руминиядаги хорижий сайёҳларни жалб қиладиган муҳим объектлардан бири саналади.

Ҳар йили бу йўлдан ўтиш ва Фегераш тоғларидаги гўзал манзараларни томоша қилиш учун Руминияга кўплаб сайёҳлар келади.

Чуйск тракти, Россия

Чуйск тракти
LiveJournal

Россиянинг марказий қисмида жойлашган ва Олтой тоғлари орқали ўтадиган бу йўл тарихи минг йил аввалга бориб тақалади. Айтишларича бу йўл бир пайтлар Буюк Ипак йўлининг шимолий шохобчаси бўлган ва ундан карвонлар юрган.

18-аср ўрталарида Россия империяси Олтой ўлкасини тўлиқ эгаллар экан, Чуйск йўлига эътибор бера бошлайди. 19-аср иккинчи ярмида йўл кенгайтирилиб, унинг айрим жойларига қум-шағал тўкилади. 1916 йилда йўл ҳозирги маршрут бўйлаб ўтказилади.

1922 йилда Чуйск тракти давлат аҳамиятидаги йўл мақомини олади. 1925 йилда СССР савдо вазирлигига тегишли автомобиллар Бийскдан Қўш-Ёғоч аҳоли пунктигача бир неча марта бориб келади.

1930-йиллар бошларида маҳбуслар меҳнатидан фойдаланиб Чуйск трактига асфалт ётқизилади ва 1935 йилда у тўлақонли фойдаланишга топширилади. 1960-йилларда Чуйск тракти Новосибирискдан Ташантагача узатирилади.

Бугун Чуйск тракти Новосибирирск шаҳридан бошланади ва Олтой тоғларидан ошиб, Бийск шаҳридан ўтиб Муғулистон чегарасигача боради. Йўл атрофидаги манзаралар жуда чиройли бўлгани учун ёз мавсумида бу йўлдан ўтиш учун Россиянинг бошқа ҳудудларидан кўплаб сайёҳлар келишади.

Атлантика йўли, Норвегия

Атлантика йўли
flickrhivemind.net

Норвегия шимолий-ғарбида жойлашган Атлантика йўли қурилиши 1983 йилда бошланади ва 1989 йил ёзда битказилади. Бу йўлдан ўтиш 10 йил давомида пулли бўлади ва 1999 йилдан бошлаб текин қилиб қўйилади.

Йўлнинг бир қисми қуруқликдан, айрим қисмлари бетон устунлар билан океан устидан ўтказилган.

Атлантика йўлида жуда кўплаб кўприклар қурилган. Улар орасида энг машҳури ўркачсимон Сторсейсуннет кўприги ҳисобланади. Кўприк остидан кемалар бемалол ўтиши учун унинг баландлиги 23 метр қилинган.

Атлантика йўли мамлакатнинг асосий диққатга сазовор жойи ва маданий мерос объекти сифатида тан олинган. Норвегияга айнан шу йўлдан автомобилда ҳаракатланиш учун кўплаб хорижий сайёҳлар келади.

Бу йўлдан юриш чоғида Атлантика океани гўзаллигидан тўла завқ олиш мумкин. Аммо ҳайдовчи бир дақиқа ҳам чалғимасдан ҳушёр бўлиши керак. Чунки исталган вақтда океандан келган тўлқин машинани суриб кетиб, сувга тушириб юбориши мумкин.

Катта дарвоза йўли, Хитой

Катта дарвоза йўли
stock.adobe.com

Хитойдаги Тянмен тоғидан ўтадиган Катта дарвоза йўли 3-асрда карвон йўли сифатида пайдо бўлган. Кейинчалик у арава юра оладиган даражада кенгайтирилган.

20-асрда йўл кенгайтирилиб, унга асфалт ётқизилди ва натижада Катта дарвоза йўлидан машиналар ҳам қатнай бошлади. Катта дарвоза йўли ўзининг илонизи тарзда тоғга кўтарилиши билан машҳур. Бу ерда 11 км йўлда 99 та қайрилиш бор.

Йўлнинг мураккаб қисми бошланадиган жой ва довон тепаси тик баландликда 1 300 метр чиқади. Йўлнинг энг тепа қисми “Осмон дарвозаси” деган машҳур номга эга.

Бу йўл хитойликлар орасида жуда машҳур ва ҳар йили ундан автомобилда ўтиш учун кўплаб сайёҳлар келади.

40-трасса, Аргентина

40-трасса, Аргентина
www.shutterstock.com

Аргентинада 40-трасса Ruta-40 деб номланади. Бу йўл дунёдаги энг узун йўллардан бири бўлиб, у 5 000 км масофага чўзилиб кетган. 40-трасса Аргентина шимолидан бошланади ва Анд тоғларини ошиб ўтиб, мамлакатнинг энг жанубий чеккасигача боради.

Бу йўлдан юрилганда бир вақтнинг ўзида турли иқлимга дуч келиш мумкин. Ҳаракат давомида манзара ўзгариб бораверади. Пастда ёз, қир-адирларида баҳор, тоғ тепасида эса қишга дуч келиш мумкин. Ўрмонлар, кўллар, қоялар, экин далалари, чўллардан ўтилади.

40-трасса бўйлаб юрилса 27 та тоғ довон йўлидан, 18 та йирик дарёдан, 20 та миллий паркдан ўтилади. Бу парклар орасида бутунжаҳон табиат мероси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилганлари ҳам бор.

Шунингдек, 40-трасса орқали дунёдаги учинчи энг йирик чучук сув захирасига эга Перито-Морено музлигига чиқиб бориш мумкин. Яна Жанубий Америкадаги энг баланд тоғ Аконкагуага ҳам шу йўл билан чиқилади.

40-трассаси дунёдаги энг чиройли йўллари рўйхатига киритилган. Шу сабабли бу йўл бўйлаб саёҳат қилиш учун ҳар йили Аргентинага кўплаб сайёҳлар келади.

Катта айлана йўл, АҚШ

Катта айлана йўли, АҚШ
www.shutterstock.com

Катта айлана йўл (Grand Circle) АҚШ ғарбидаги Аризона, Невада, Ню-Мексико, Колорадо ва Юта штатларидан ўтади. Бу йўл ўтган ҳудудларда Сион, Брайс-Канион, Кэпитол-Риф, Арчес, Канионлендс, Мева-Верди, Катта Канион ва Петрифайд- Форест миллий парклари жойлашган.

Бир пайтлар пионерлар Ғарбдаги ерларга борар экан, улар Колорадо дарёси оқиб ўтадиган Катта Канион дараси бўйлаб ҳаракатланишган. Катта айлана йўлнинг аосий қисми ана шу даранинг икки томонида жойлашган.

Ҳар йили Катта Канион ва унинг атрофидаги миллий паркларни кўриш учун миллионлаб сайёҳлар келади. Улар айнан Катта айлана йўл бўйлаб ҳаракатланади.

Шунингдек, Катта айлана йўл бўйлаб автобусларда Grand Circle Tour ташкил этилади. Катта айлана йўлнинг бир қисми Чикагодан Лос-Анжелесга олиб борувчи Route 66 трансамерика автомагистрали бўйлаб ўтади.

Буюк океан йўли, Австралия

Буюк океан йўли
www.foxnews.com

Буюк океан йўли Австралиянинг Виктория штатида Тинч океани қирғоқлари бўйлаб ўтади. Йўлнинг узунлиги 243 км бўлиб, унинг қурилиши 1919 йилда бошланган.

Мазкур йўл Торкуэй шаҳридан бошланади ва Аллансфорд шаҳригача давом этади. 2005 йилдан бошлаб бу йўлда ҳар йили бир марта марафон мусобақалари ўтказилади.

Йўлни асосан ҳарбийлар қуришган ва унинг биринчи қисми 1922 йилда фойдаланишга топширилган. 1932 йилда йўлнинг ҳаммаси қуриб битказилган.

Бу йўлни кўпинча денгиз тўлқинлари ювиб туради ва тўфонлар содир бўлганда жиддий зарар етказади. 1964 ва 1971 йилларда тўфонлар йўлга жиддий зарар етказади ва у таъмирланади.

1962 ва 1964 йилларда ўрмон ёнғинлари туфайли йўл икки марта ёпилиб қолади. 2011 йилда қоялар қулаб тушиши натижасида йўл яна тўсилиб қолган.

Буюк океан йўли ҳам дунёдаги энг чиройли йўллар рўйхатига киради. 2011 йилда у Австралия миллий мероси рўйхатига киритилган. Бу йўл муҳим сайёҳлик объекти ҳисобланади. Ҳар йили ундан автомобилда ўтиш учун кўплаб сайёҳлар келишади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид