Ўзбекистон | 11:12 / 26.06.2021
32444
3 дақиқада ўқилади

ЙҲХ ходими ҳукумат қарорига зид равишда электрон суғурта полисини инобатга олмади ва маъмурий баённома тузди

Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаро шахсий автомобили Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда, уларга тақдим қилган электрон суғурта полиси [E-полис] инобатга олинмагани ва суғуртасиз автомобил бошқарганлик айби билан маъмурий баённома расмийлаштирганини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Ҳайдовчига кўра, ЙҲХ ходими ўзига телефонда кўрсатилган электрон суғурта полисига ҳаттоки қарамаган ҳам. Шунингдек, ходимга Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва тўғридан тўғри раҳбар органи - ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Олимжон Саидовнинг хати кўрсатилган бўлишига қарамай, ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирган.

Қонунчилик нима дейди?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 780-сонли қарори билан тасдиқланган низом 32-бандида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Е-полис ҳақиқийлигини текшириш тегишли мобил қурилма орқали QR-кодни ўқиб олиш ёки Е-полис ноёб рақамини киритиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу қарор кейинги бандларида транспорт воситалари эгалари мажбурий суғурта бўйича ваколатли органларга E-полисни қоғозга чиқариб олган ёки электрон шаклда тақдим этишлари кераклиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Олимжон Саидовнинг Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлигига юборган хатида 2021 йил 1 мартдан электрон суғурта полислари ЙҲХ ходимлари томонидан қабул қилиниши ёзилган.

“Жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш электрон шаклда (E-полис) расмийлаштирилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилиниб, мазкур тартиб ДЙҲХХнинг барча қуйи тизимларига етказилганлигини ҳамда текширувлар электрон полислар асосида амалга оширилиши юзасидан тегишли топшириқлар берилганлигини маълум қиламиз”, дейилади Олимжон Саидов ёзган хатда.

Таҳририятнинг ҳолатга изоҳ олиш учун Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизматига юборган саволлари бир ҳафтадан буён жавобсиз қолмоқда.

Айни дамда ҳайдовчига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (245 минг сўм) миқдорида жарима ёзилган. Ҳуқуқлари бузилган фуқаро Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг қонунга зид қарори устидан судга шикоят киритди.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Мавзуга оид