Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 трлн сўм ажратиш режалаштирилмоқда – Тимур Ишметов
Ўзбекистон 2021 йилда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов Сенат ялпи мажлисида маълум қилди.
Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги масала муҳокама қилинди ва молия вазири соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилиши режалаштирилган маблағлар ҳақида маълумот берди.
«Соғлиқни сақлаш тизимида жами тадбирлар учун 4 триллион сўм, шу жумладан, коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Жумладан:
- Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимини кенг жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси мажмуасини яратиш учун 28 миллиард сўм;
- Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси учун 126 миллиард сўм (жорий йилда 100 миллиард сўм);
- фуқароларимизга нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш харажатлари 138 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилмоқда (жорий йилда 131 миллиард сўм).
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича стационар муассасаларда имтиёзли тарзда даволанувчи беморларга, биринчи навбатда, ижтимоий аҳамиятга эга ҳамда инфекцион касалликларни даволовчи муассасаларда озиқ-овқат харажатлари ҳозирги кундаги озиқ-овқат нормаларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилган. Бунинг натижасида озиқ-овқат харажатлари жорий йилдаги 353 миллиард сўм маблағ 1,7 баробарга оширилган ҳолда 614 миллиард сўмга, дори-дармон учун жорий йилда ажратилган 1 триллион 400 миллиард сўм маблағ 1,3 баробарга оширилган ҳолда 1 триллион 800 миллиард сўмга етказилган.
Шунингдек, аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш учун 28 миллиард 870 миллион сўм, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш харажатлари учун 2 миллиард сўм, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш билан боғлиқ харажатлар учун 20 миллиард сўм, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш харажатлари учун 7 миллиард 700 миллион сўм ажратилмоқда.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024
ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади
00:00 / 06.09.2024