Ўзбекистон | 08:58 / 03.01.2022
14492
2 дақиқада ўқилади

Давлат боғчаларида уч турдаги гуруҳлар ташкил этилади

2022 йил якунига қадар 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Бу 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳасида белгиланган.

Фото: Fotolia

Қайд этилишича, давлат мактабгача таълим ташкилотларида қуйидаги гуруҳлар ташкил қилинади: тўлиқ кунлик гуруҳлар; қисқа муддатли гуруҳлар; мажбурий бепул тайёрлов гуруҳлари.

Мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини жалб қилиш орқали янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади. 2022 йилда давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги 1300 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади.

Мактабгача таълим тизимида таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш ҳам кўзда тутилган. Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб боришнинг такомиллаштирилган тизими жорий этилади. Мактабгача таълим тизими ходимларининг малакасини ошириш шакл ва методикалари халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқилади.

Ҳудудларда давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларининг кредит-модуль тизимига асосланган узлуксиз малака ошириш тизими жорий этилади. Мактабгача таълим тизими бошқарув кадрлари захирасини мақсадли ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид