Ўзбекистон | 08:01 / 02.04.2021
8644
2 дақиқада ўқилади

Masdar Ўзбекистонда биринчи шамол электр станцияси қуришни бошлади ва унинг лойиҳавий қувватини кенгайтириш тўғрисида битим имзолади

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

1 апрел куни қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири бўлган Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси томонидан Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Masdar компанияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ўртасида қурилаётган электр станцияси лойиҳавий қувватини 500 МВт.дан 1,5 ГВт.гача ошириш бўйича битим имзоланди.

Сардор Умрзоқов ўз нутқида Masdar Ўзбекистон ва БААни боғловчи мустаҳкам кўприкка айланиши ва у орқали Ўзбекистонда фаолият олиб бориш учун Бирлашган Араб Амирликларининг янги компаниялари кириб келишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Masdar компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида қуввати 500 МВт бўлган Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, уни қуриш ва фойдаланиш бўйича икки томонлама битим имзолади. Станция компаниянинг муқобил энергетика соҳасида минтақадаги иккинчи лойиҳаси бўлади.

Дастлаб 600 млн долларга баҳоланган лойиҳа кенгайтирилгандан сўнг қарийб 1,8 млрд доллар миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши кутилмоқда.

Лойиҳа қувватининг 1,5 ГВт.га оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шамол электр энергияси миқдорини 3 ГВт.га етказиш ва муқобил энергия манбаларининг мамлакат умумий энергия балансидаги улушини 26 фоизга етказишга имкон беради.

Зарафшон шаҳридаги шамол электр станцияси 2024 йил охиригача тижорий фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. 500 МВт қувватга эга лойиҳа 500 000та хонадонга етарли ҳажмда электр энергияси ишлаб чиқаришни ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 млн тоннага камайтиришни таъминлаб бериши кўзда тутилган эди. Эндиликда бу рақамлар 1,5 миллион хонадон ва 3,3 млн тонна карбонат ангидридга кўпаяди.

Мавзуга оид