Жаҳон | 15:25 / 30.08.2025
17994
4 дақиқада ўқилади

Хитойдаги парад олдидан интрига: супер қуроллар намойиш этиладими?

Хитой II жаҳон урушида Япониянинг таслим бўлганига 80 йил тўлишини 26 та давлат раҳбари иштирокидаги катта парад билан нишонлайди. Унда янги қуроллар ҳам кўз-кўз қилиниши мумкин. Параддан аввалги кунларда ШҲТ саммити ва икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтади. “Геосиёсат” дастури экспертлари дунё эътиборида турган Хитойдаги тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Хитойда бўладиган ҳарбий парад нега глобал ҳамжамият диққат марказида турибди?

Шуҳрат Расул: Менимча, бу оддийгина анъана. Баъзи давлатларда ҳарбий парадлар ҳар йили мунтазам ўтказилади. Масалан, Россия Федерацияси ва айрим МДҲ мамлакатларида, жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда 9 май арафасида парадлар ўтказиш одат тусига кирган. Ўзбекистонда эса мустақилликдан кейин бундай тадбир анъанага айлантирилмаган, бу қарорни тўғри деб ҳисоблайман.

Хитойдаги парад Иккинчи жаҳон уруши якуни билан боғлиқ. Гоминдан ва Коммунистик партия биргаликда Японияни мағлуб этиб, кейинчалик Гоминдан Тайванга чекинишга мажбур бўлган. Шундан бери Хитой ғалабани нишонлашда парадлар ўтказиб келади. Айрим кузатувчилар Хитой парадларини янги қуроллар намойиши сифатида кўради. Масалан, 2021 йилда улар гипертовушли ракеталарни илк бор очиқ кўрсатишган. Сўнгги пайтда эса Хитойнинг янги “супердрон платформаси” ҳақида кўп ёзилмоқда. Бу улкан учувчи аппарат Boeing самолётларидан ҳам каттароқ бўлиб, ичида турли вазифаларни бажарадиган юзлаб дронларни олиб юриши мумкин. У узоқ масофалардан бошқарилади, буйруқ маркази вазифасини бажаради ва кичик разведка дронларидан тортиб, стратегик ҳужум учун мўлжалланган дронларгача таший олади дейиляпти.

Камолиддин Раббимов: Геосиёсий майдонда АҚШ ва Хитой ўртасида мисли кўрилмаган рақобат шаклланиб бўлди. Америкада президентлар алмашаётган бўлса-да, бу қарама-қаршилик янада кучайиб, аниқ шакл касб этмоқда. Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин эса Коллектив Ғарб тушунчаси емирила бошлади. Бугун АҚШнинг анъанавий иттифоқчилари билан ҳам савдо-иқтисодий урушлар ва кескин айтишувлар кучайган бир паллада, Пекинга 26 давлат раҳбарлари ташриф буюрмоқда. Яъни Ғарбга қарши турувчи ёки нейтрал позицияда бўлган кўплаб давлатлар айнан Хитойда йиғилмоқда. Бу сафда Россия президенти, Ҳиндистон, Эрон ва Шимолий Корея раҳбарлари, Марказий Осиё президентлари бор. Шунингдек, шу кунларда Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити ҳам ўтказилмоқда. Саммит давомида учта йирик йўналиш бўйича йиғилишлар бўлиши кутиляпти.

Шу фонда Хитойнинг ҳарбий парад ўтказиши алоҳида аҳамият касб этади. Пекин баёнот бериб, илгари ҳеч қачон намойиш қилинмаган ҳарбий техникаларни тақдим этишини маълум қилди. Юзлаб Ғарб журналистлари воқеани ёритиш учун Хитойга келяпти. Бироқ айрим европалик сиёсатчилар, хусусан, Путиннинг иштироки сабабли бу тадбирни бойкот қилишмоқда. Шундай бўлса-да, Хитойнинг ўз қудратини намойиш этиши геосиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид