ҚХВ фермерларга босим бўлаётгани билан боғлиқ вазиятни “тўғри талқин қилиш”ни сўради
Ўзбекистонда фермерларни пахтанинг арзонроқ нархига рози бўлишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Кластерлар шартнома асосида ўз зиммасига олган харажатларнинг бир қисмини (3,5 триллион сўм) ҳукумат солиқ тўловчиларнинг гарданига юклади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳолатга изоҳ берди, лекин маъмурий босимларни қоралагани йўқ.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта нархи маъмурий йўл билан арзонлаштирилаётгани билан боғлиқ вазиятни “тўғри талқин қилиш”ни сўраб баёнот берди.
Вазирлик Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоровнинг ҳаракатларини оқлаган.
Kun.uz аввалроқ хабар берганидек, Ғаффоров туманлардан бирининг ҳокимига 100 фоиз фермер хўжаликларини йиғиб, уларга Тошкентдан келган бланкага имзо ва муҳр қўйдиришни сўраган. Шу тариқа, йил бошида фермерлар ва кластерлар ўртасида тузилган, тоннасига 8-9 млн сўмдан пахта етказиб беришга оид шартномалар фермерларнинг ихтиёрий-мажбурий тарзда розилиги олинган ҳолда ўзгартирилиб, нарх пасайтирилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг изоҳлашича, амалдорнинг бундай топшириқ беришида “англашилмовчилик юзага келган”.
Вазирлик ўз изоҳида 16 сентябр кунги ҳукумат қарорида келтирилган важларни такрорлаган. Унда жаҳон бозорида пахта нархлари тушиб кетгани, натижада Ўзбекистонда йил бошида тузилган фючерс шартномасидаги нархлар “бугунги кун реал нархларига тўғри келмаётгани”, шу сабабли кластерлар ўз маҳсулотларини жаҳон бозорида сотишда “жуда катта зарарга дуч келаётгани” айтилади.
Таъкидланишича, ҳозирда жаҳон бозоридаги пахта толасининг шаклланган котировкалари бўйича бошланғич фючерс нархлари тоннасига 6,8 млн сўм атрофида шаклланмоқда. Шундан келиб чиқиб, “паст нарх белгиланадиган бўлса, фермерлар жабр кўриши мумкин”, деган вазирлик. Нархни нега бозор эмас, давлат белгилаши кераклигига изоҳ берилмаган.
ҚХВга кўра, 16 сентябр кунги ҳукумат қарори “пахта етиштирувчи фермерлар ва уни қайта ишловчи кластерларнинг манфаатларини бирдек кўзлаган ҳолда” қабул қилинган.
Бу қарорга кўра, пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хомашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хомашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратиш кўзда тутилган.
“Мана шу қарор асосида пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига (улар етиштирилган пахта хомашёсини юқорида белгиланган тартиб асосида реализация қилишса зарар кўрмаслиги учун) давлат томонидан ёрдам сифатида ҳар бир тонна учун субсидия ажратиб берилади”, – дейилади вазирлик изоҳида.
Қарорда кўзда тутилган харажатлар, хусусан субсидиялар учун давлат бюджетидан 3,5 триллион сўм ажратилади. Ҳужжатда фермерлар ва кластерлар ўртасида йил бошида тузилган фючерс шартномаларига нархни арзонлаштириш ҳақидаги қўшимча шартномалар тузилиши кўрсатиб ўтилган.
Баёнотда айтилишича, куз фаслининг бугунги ўзгарувчан об-ҳаво шароитида пахта ҳосилини ёғин-сочинга қолдирмасдан тезроқ териб олиш нуқтайи назаридан, “бу шартномаларни жадаллаштириш катта аҳамиятга эга”.
“Сабаби бугун фермер ўзи етиштирган маҳсулотини шартнома тузиш орқали топширмаса ва уни пахта қабул қилиш масканларига элтиб, у ерда электрон тарози орқали Agroplatforma.uz'га жойламаса, демакки, унга субсидия беришнинг имкони бўлмайди. Табиийки, терим пули ҳам чиқмайди.
Бундан ташқари, бугунги кунда фермер ўзи тайёрлаган маҳсулотни таклиф қилинаётган шартларда реализация қилишга хоҳиш билдирмаса, унда хомашёни пахта қабул қилиш масканларига вақтинчалик сақлаш учун топшириши имконияти яратилган. (Ҳаммага маълум, пахта хомашёси махсус шароитларда бунтланган ҳолда сақланади ва етиштирувчи ўз қарамоғида буни сақлаш имкони йўқ). Бунинг учун фермер қабул қилиш пункти билан вақтинча сақлашга (сақлаш харажатларини қоплаш шарти билан) шартнома қилиши лозим. Вақтинчалик сақлаш шартномасига кўра, хомашё агроплатформада электрон рўйхатдан ўтади ва фермер (қачон ва кимга) ўз маҳсулотини сотмоқчи бўлса, терим даврида ёки теримдан сўнг, ихтиёрий қарор қабул қилаверади. Бунда ҳам маҳсулот электрон тарози орқали ўтказилиб, хомашё миқдорига қараб терим учун албатта пул олади”, – дея тушунтирган ҚХВ.
Вазирликка кўра, Раҳматулло Ғаффоров туман ҳокимларидан бирига берган топшириғида юқоридаги ҳолатларни назарда тутган бўлиши мумкин.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи айнан шу ҳолатни назарда тутган бўлиши мумкин, лекин буни етказишда англашилмовчилик юзага келган ва табиийки, хатога йўл қўйган. Вазирлик томонидан пахта етиштирувчиларнинг шартномасини бекор қилиш, фермерлар ҳамда кластерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича ҳудудий бошқармалар ва уларнинг раҳбарларига ҳеч қандай топшириқлар берилмаган”, – дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳида.
Маълум қилинишича, бугун республика бўйлаб 90 фоиздан ортиқ фермерлар келишувга асосан ўз шартномаларини қайта расмийлаштирган ва бу билан субсидияга эга бўлган ҳолда ўзлари етиштирган пахта хомашёсини умумий қиймати 7 800 сўмдан топширмоқда.
“Бундан ташқари, терим пулини олишда ҳам пахта хомашёсининг миқдорини айнан электрон тарози орқали ўтказилиб, Agroplatforma.uz'да акс эттириш орқали барча шаффофлик таъминланмоқда”, – дейилади баёнотда.
ҚХВ фермерларда тушунмовчилик бўлса, ҳар бир ҳолатни кўриб чиқиб, ечим ва ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
“Етиштирилган пахта хом-ашёсини топширишдаги барча муаммоли ҳолатларда (шартномаларни йўқлиги, фермерни ўзига маъқул бўлмаган кластерга сотмаслик қарорида эканлиги, бугунги нархларни кўтарилишини кутиш истагида эканлиги ва ҳ.к) терилган хомашёни пахта қабул қилиш масканларига вақтинчалик сақлаш учун топшириб, муаммоли масалларни босқичма-босқич ишлаб чиқарувчилар билан ўзаро келишган ҳолда бартараф этишлари мумкинлигини билдирамиз. Мақсад – терилган пахта ўз вақтида қабул пунктларида тўғри сақланиши ва шаффоф тарзда агпроплатформада акс этиши лозим.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан мазкур хабарнинг объектив моҳиятини англаб етиш ва айнан Ҳукумат қарори билан беғараз ёрдам бериш масалаларини тўғри талқин қилинишини сўраб қоламиз”, – дея ўз баёнотини якунлаган вазирлик.
Аввалроқ Kun.uz бу мавзуда Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов ва иқтисодчи Отабек Бакиров билан интервю ташкил этганди.
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
15:09 / 03.12.2024