Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Веронада қишки Олимпия ўйинларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди
2026 йилги ўйинларнинг расмий ёпилиш маросими Италиянинг Верона шаҳридаги қадимий амфитеатрда ўтказилди. Томошани турли баҳоларга кўра 8–12 минг нафар томошабин кузатди. Олимпия байроғи 2030 йилги қишки ўйинларни қабул қиладиган Францияга топширилди.
Фото: Михаил Терещенко/ТАСС
Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида бўлиб ўтган 25-қишки Олимпия ўйинларининг ёпилиш маросими Веронадаги Arena di Verona’да — милодий тахминан 30 йиллар атрофида қурилган Рим амфитеатрида якшанба, 22 феврал куни кечқурун бўлиб ўтди. Турли баҳоларга кўра, “Гўзаллик амалий ҳаракатда” (Beauty in Action) шиори остида ўтган маросимни трибуналардан 8–12 минг нафар томошабин кузатган. Спортчилар парадида эса тахминан 1,5 минг нафар олимпиадачи — ўйинларда қатнашганларнинг ярмидан сал кўпроғи иштирок этди.
Икки ярим соат давом этган хайрлашув маросими италян операсига, шунингдек ҳам классик, ҳам замонавий рақсларга бағишланди. Барчаси “Операдаги тун” номли қисқа метражли фильмдан бошланди: унда Жузеппе Вердининг “Аида” ва “Риголетто” опералари қаҳрамонлари кўрсатилди. Кейин бу персонажлар аренада пайдо бўлиб, гўё “жонланди”. Маросимда, жумладан, италян қўшиқчиси Акилле Лауро, дижей Габри Понте ва балет артисти Роберто Болле ҳам иштирок этди.
Веронада ҳайвонларга зарари сабабли фейерверклар тақиқлангани учун маросимда фейерверк ўрнига ёруғлик шоуси намойиш этилди. Ташкилотчилар умуман олганда ўз мақсадларидан бири сифатида “тарихдаги энг экологик ўйинлар”ни ўтказишни атаган.
Спортчилар парадида Олимпиадада қатнашган барча 92 мамлакат вакиллари бор эди. Германия байроғини чаначилар Тобиас Вендл ва Тобиас Арлт кўтариб чиқди: уларнинг ҳар бири биттадан олтин (эстафетада) ва биттадан бронза медалини (жуфтликда) қўлга киритган. Бироқ Олимпиадада беллашган 185 немис атлетидан маросимда атиги 18 нафари иштирок этган.
Ўйинларда нейтрал байроқ остида қатнашган россиялик спортчилар ҳам парадда иштирок этди. 13 нафар россияликдан маросимда беш нафари бўлган: чанғичилар Савелий Коростелев ва Даря Непряева, фигурали учиш спортчилари Пётр Гуменник ва Аделия Петросян, шунингдек алпинист Никита Филиппов. Охиргиси ягона мукофотни олган россиялик бўлди: у кумуш медални қўлга киритди.
Нейтрал байроқ остидаги атлетларнинг парадда пайдо бўлиши кутилмаган ҳолат бўлди, чунки олдинроқ Халқаро олимпия қўмитаси (МОҚ) коммуникациялар бўйича директори Марк Адамс бундай спортчилар бу тадбирда иштирок эта олмаслигини айтган эди.
Маросим давомида Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарлари мэрлари Ўйинлар байроғини МОҚ президенти Кирсти Ковентрига топширди, у эса ўз навбатида байроқни Франциянинг Прованс — Алплар — Ложувард соҳил ҳамда Оверн — Рона — Алп минтақалари раҳбарларига берди. Кейинги қишки Олимпиада 2030 йилда айнан шу ҳудудларда ўтказилади.
Ковентри ўтган ўйинларни “чиндан ҳам сеҳрли” деб атади. “Сиз қишки ўйинларнинг янги турини ташкил этдингиз ва келажак учун янги стандарт белгиладингиз”, — деди у. Олимпиада ташкилий қўмитаси раҳбари Жованни Малаго эса бу спорт байрамини “икки ҳафтадан кейин” яна “такрорлаш”га ваъда берди — 6 март куни очиладиган Паралимпия ўйинларида.
Маросим охирида Олимпия олови икки жойда ўчирилди: Миландаги Тинчлик аркасида (Arco della Pace) ва Кортина-д’Ампеццо шаҳридаги Дибона майдонида (piazza Dibona). Веронадаги маросим 6 феврал куни Миландаги “Сан-Сиро” футбол стадионида бўлиб ўтган очилиш маросимига қараганда анча камтарона муҳитда ўтди. Ўшанда Мэрайя Кэри ва Андреа Бочелли чиқиш қилган тадбирга 60 мингдан ортиқ томошабин йиғилган эди.





Мавзуга оид
21:33 / 31.03.2026
Италия АҚШнинг Яқин Шарққа учаётган самолётлари Сицилияга қўнишига рухсат бермади
08:56 / 30.03.2026
Италиядаги музейда йирик ўғирлик: уч шоҳ асар йўқолди
10:21 / 26.03.2026
Италия ўзбекистонликларни мавсумий ишга қабул қилади
21:59 / 24.03.2026