Тошкентда савдо марказлари, кўнгилочар мажмуалар ва истироҳат боғлари одатий иш режимига қайтяпти
15 январдан бери Ўзбекистон пойтахтида кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, савдо-кўнгилочар мажмуалари ва истироҳат боғлари соат 10:00 дан 17:00 гача ишлаётган эди.
Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ об-ҳаво кунлари Тошкент шаҳридаги озиқ-овқат дўконлари ва умумовқатланиш корхоналаридан ташқари барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари вақтинча қисқартирилган иш режимига ўтказиш тавсия этилган эди.
Шаҳар ҳокимлиги буни аҳоли хонадонларига электр энергияси ва газ таъминотини узлуксиз етказиш мақсади билан изоҳлаган.
"Бугунги кунда ҳаво ҳарорати яхшиланаётганлиги ва ҳолат барқарорлашаётганлиги боис юқоридаги барча корхоналар доимгидек иш режимида фаолият олиб боришлари мумкин", дейилади ҳокимликнинг 26 январь кунги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 15 январь куни шаҳар ҳокимлиги соат 17:00 дан бошлаб барча савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўнгилочар мажмуалар ва истироҳат боғлари ёпилишини хабар қилган эди.
Шу билан бирга, озиқ-овқат дўконлари, кафе ва ресторанлар одатдагидек режимда ишлади.
Аввалроқ шаҳар ҳокимлиги электр тармоғидаги юкламани камайтириш ва марказлашган иссиқлик таъминоти тизимидаги ҳароратни ошириш мақсадида кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув таъминоти тизимидаги ҳароратни камида уч кун муддатга вақтинча пасайтиришга мажбур бўлишини маълум қилганди.