Ўзбекистон | 20:14 / 05.07.2021
25702
6 дақиқада ўқилади

Орол суви қуришига ядровий портлашлар сабаб бўлганми? – олим бу борадаги фаразларга муносабат билдирди

Қишлоқ хўжалиги ва ичимлик учун сув етишмовчилиги, қурғоқчилик ҳамда сувга алоқадор бошқа муаммолар ўзбекистонликларни йилдан-йилга кўпроқ безовта қиляпти. Мамлакатда сувни тежаб ишлатиш борасидаги ишлар эса жуда суст кетмоқда. Масалан, Ўзбекистоннинг асосий қишлоқ хўжалиги майдонларини суғоришда ҳозир ҳам 1970-80 йиллардаги каби бостирма суғоришдан фойдаланилади...

Kun.uz мухбири бу борада кутилаётган қийинчиликлар, соҳага янги технологияларни жалб қилиш ва умуман, сув муаммоларига мослашиш жараёнлари борасида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов билан интервью уюштирди.

Интервью аввалроқ эълон қилиниб, илк қисми матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми матни жузъий қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда.

— Охирги вақтларда Орол денгизи суви ядровий портлашлар сабаб Каспийга оқиб кетган, деган фаразлар ўртага чиқа бошлади. Сизнингча, бу қарашлар қанчалик асосли?

— Мен бундай деб ўйламайман. Чунки ўша пайтларда бундай катта миқёсдаги ядро синовлари ўтказилмаган. Дейлик, Орол яқинида шунга ўхшаш қандайдир портлашлар бўлганда ҳам, унинг таъсирида 100 метр ёки ундан каттароқ ғорлар ҳосил қилиши ҳақиқатдан узоқ. Бунинг илмий жиҳатдан ҳам исботи йўқ.

Табиатда вақти-вақти билан қандайдир тектоник ўзгаришлар, ёриқлар пайдо бўлиб туради.

Сув ҳар доим бўшлиққа, пастликка қараб ҳаракат қилади. Бу сув қонуни. Орол эса Каспий денгизига нисбатан баландда жойлашган. Тарихда Оролдан тошган сувнинг Каспийга қараб оққанига оид маълумотлар ҳам бор. Лекин бу Оролнинг қуришига айнан портлашлар сабаб, дегани эмас.

— Ҳозир Оролнинг қуриб қолган миллионлаб гектар қисмини қум ва заҳарли тузлар қоплаган. Бу қум ва тузларнинг атрофдаги ҳудудларга кўчишининг олдини олиш борасида муайян ишлар қилиняпти. Масалан, саксовулзорлар.

Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларини қоплаб олаётган шўрланишга қарши қандай курашиш мумкин?

—Ўзбекистоннинг суғориладиган майдонларининг салкам 50 фоизи турли даражада шўрланган. Бу майдонларда намгарчилик сақланса, шу ҳолатда ушлаб туриш мумкин.

Лекин агар намгарчилик сақланмай, қурғоқчилик давом этса, кучсиз шўрланган ерлар ўртача, ўртача шўрланган ерлар кучли шўрланиш ҳолатига ўтади. Бу эса бизга жуда катта муаммолар олиб келади.

Бизда фаолияти яхши бўлмаса-да, коллектор зовур тармоқлари бор. Биз уларнинг иш фаолиятини ҳар доим ишчи ҳолатда сақлашимиз керак. Лекин бу ҳам етарли эмас. Биз суғориладиган майдонларнинг ўзида туз тўпланишининг олдини олишимиз керак. Бунинг учун ерга керагидан ортиқча сув бермаслик ва сизот суви кўтарилишига йўл қўймаслик керак.

Биз шунингдек, суғоришнинг янги тизимларига ўтишимиз керак. Чунки ҳозир ҳам 95 фоиз майдонларимиз эгатлаб, бостирма усулида суғорилади. Бунда жуда кўп сув исроф бўляпти.

Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов

— Ҳа, бизда ҳеч нима ўзгаргани йўқ, ҳамон 1970-80 йилларнинг эскича суғориш тизимида ишлаяпмиз.

— Ундан ҳам эски. Ўзгармаяпмиз, янгилик киритилгани йўқ. Бизга янги усулдаги мелиоратив ва агромелиоратив тадбирлар керак.

— Шўрланиш жараёнини тўлиқ тўхтатиш мумкинми?

— Жуда қийин. Уни камайтириш ҳам катта натижа. Биз агротехник, кимёвий, биологик чораларни қўллаш ва шунингдек, гидротехнологик чоралар орқали шўрланиш жараёнини камайтириб туришимиз мумкин. Аммо уларнинг фақат биттаси қилинмаган тақдирда ҳам, шўрланиш давом этаверади.

Бошқа томондан, биз эндиликда шўр таъсирига чидамли экинлар ва экин навлари устида ишлашимиз керак. Бу келажак учун энг муҳим йўналишлардан бири бўлади.

Биз бу муаммолар билан энди доим тўқнашаверамиз. Чунки қурғоқчилик ва шўрланиш бир-бири билан доим ёнма-ён юради. Қурғоқчилик бўлса, ерда туз кўпаяди, туз кўпайса, қурғоқчилик яқинлашаётган бўлади.

Биз шунга мос ҳолатда экин тури ва нави устида ишлашимиз керак. Бу бўйича жуда кам ишлаяпмиз, буни тан олиш керак. Бизда бунинг учун яхши лабораториялар бўлиши керак.

— Экспертларнинг фикрича, Марказий Осиё давлатларини сув билан таъминлайдиган асосий муз захиралари жуда тез эриб боряпти. Бу жараён қайси кўринишгача давом этиши мумкин ва жараён оқибатлари қандай бўлади?

— Ҳа, бизнинг дарёларда оқадиган сувнинг катта қисми музликлар ҳисобига шаклланади. Бунда ўртача кўрсаткичи қор ва жуда кам фоизи ёғингарчилик ҳисобига тўғри келади.

Кейинги йилларда бу музликларнинг жадал эриши кузатиляпти. Йўқолган музликлар маълумотларга кўра, 35 фоизга етди ва бундан кейин ҳам йўқолиш давом этади.

Агар бу жараён давом этса, бизни нималар кутяпти?

Бу музликлар чекинганда ҳам, бизда ёғингарчилик барибир бўлади. Фақат совуқ кунлар кам бўлиши, мавсумий ўзгаришлар кузатилиши, иқлим исиши натижасида бу музликлар қайтиб ўзига келмаслиги мумкин.

Биз эса бу жараёнда ёғингарчиликнинг ҳар қандай шаклини тўплай олишимиз керак. Унга кўра, шу тўпланган ёғингарчилик сувлари ўсимликларни ўсув даврида суғоришга, чорвани суғоришга ва бошқа мақсадларда фойдаланилади. Биз шунга тайёр туришимиз керак.

Бунинг учун ҳам илмий изланишлар қилиниши, мутахассислар тайёрланиши керак.

Буни дунё олимлари ҳам айтяпти, бизнинг минтақадан музликларнинг чекиниши давом этаверади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев.

Мавзуга оид