17:32 / 29.02.2024
15302

Акром Раҳмонқулов манзил колонияда экани маълум қилинди

Жиззах вилояти ҳокими собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов, Олий суд ва маҳкумнинг яқинлари берган маълумотга кўра, Оҳангарон туманидаги манзил колонияда жазо ўтамоқда.

Иллюстратив фото

Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги манзил колонияда жазо ўтамоқда. Бу ҳақда унинг қизи Раъно Пардаева Kun.uz билан боғланиб, маълум қилди. Бу маълумотни Олий суд матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланган собиқ амалдор Жиззах шаҳрида 6 қаватли бинонинг бир қисми қулаши ортидан ишдан олинган ва 27 нафар судланувчи қаторида иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Аввалроқ, Kun.uz бир-биридан мустақил икки манбага таяниб Акром Раҳмонқулов очиқда экани ҳақида ёзганди.

Жиноят ижроий кодексининг 114-моддасига кўра, манзил-колонияларда маҳкумлар:

  • соқчисиз, аммо назорат остида сақланади;
  • эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриши мумкин;
  • агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;
  • фуқаролар киядиган кийимда юради;
  • пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин;
  • ишдан бўш вақтда чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин;
  • ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширади.

Маҳкумлар чекланмаган миқдорда қисқа муддатли учрашувлар, йил мобайнида 24 марта узоқ муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга.

Учрашувлар, қоида тариқасида, ишдан бўш вақтда берилади. Манзил-колония ҳудудида узоқ муддатли учрашув ўтказиш имконияти бўлмаса, учрашув маҳкумнинг аризасига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида, ушбу колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида ўтказилиши мумкин.

Маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайди. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки манзил-колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши мумкин. Бундай шахслар ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтиш учун ҳозир бўлишлари шарт. Манзил-колония маъмуриятининг вакили маҳкумлар яшаётган жойга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин.

Мавзу
Жиззахда 6 қаватли бино қулаши
2021 йил 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилиб, ҳали фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уй қулаб тушди.
Барчаси
Top