Жиззах вилояти ҳокими собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов очиққа чиққани маълум бўлди
Қурилиши тугалланмаган 6 қаватли уйнинг қулаб тушиши ортидан шериклари (қариндошлари) билан бирга терговга тортилиб, 2021 йил декабрда 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган собиқ амалдор айни дамда очиқда. Акром Раҳмонқуловнинг қандай асос билан озодликка чиқарилгани аниқ эмас. Жиззахдаги бозорда унга тегишли 152 та дўкон сотувга қўйилган.
Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов озодликка чиқарилган. Буни Kun.uz'нинг бир-биридан мустақил икки манбаси тасдиқлади.
Жиноий шериклари билан 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилишда айбланиб, 2021 йил декабр ойида 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган собиқ амалдорнинг қандай асос билан очиққа чиқарилгани ҳозирча маълум эмас. Бу борада Kun.uz сўровига Олий суд ҳозирча изоҳ бермади. Шунингдек, Жиззах вилояти ҳокимлигидан ҳам изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
МИБ маълумотларига кўра, ҳозирда Жиззах шаҳридаги бозорда Акром Раҳмонқуловга тегишли 152 та савдо дўкони сотувга қўйилган.
МИБ Жиззах вилояти бошқармаси иш юритувида жами 19 млрд 159 млн сўмга баҳоланган “Эски шаҳар буюм савдо комплекси” АЖ ҳудудидаги 1-9 блокларда жойлашган 152 та савдо дўкони бўйича ижро ҳужжати мавжуд. Унга кўра, мазкур савдо дўконларини сотувга қўйиб, тушган маблағдан Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИКга етказилган зарарнинг қопланмаган қисмини қоплаш ва қолганини давлат даромадига ўтказиш кўзда тутилган.
Ижро ҳаракатлари давомида бу дўконларнинг савдога чиқарилиши юзасидан қарздорлар огоҳлантирилган. Шунингдек, ижро ҳужжатларида кўрсатилган савдо дўконлари “Е-auksion” платформасига савдога чиқариб, бу ҳақда савдога дўконларига хабарлар жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йил апрелидан 2021 йил январигача Жиззах вилояти ҳокимининг қурилиш ва саноат бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Акром Раҳмонқулов Жиззах шаҳрида 6 қаватли бинонинг бир қисми қулаши ортидан ишдан олинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев Раҳмонқуловни сиёсатга хиёнатда айблаб, унинг “бутун тўдасига қонуний жазо белгилаш”ни талаб қилганди.
Ундан аввалроқ жамоатчилик суриштирувларида Раҳмонқулов ва унинг қариндошлари Жиззахдаги бир неча юз миллиардлик давлат буюртмаларини қўлга киритиб келгани аён бўлганди.
2021 йил апрел ойида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Акром Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериги қамоқда эканини маълум қилиб, жиноий гуруҳ қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағини талон-торож қилганини айтганди. Йўлдошевга кўра, ўшанда Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм маблағ, 172 та дўкон, кўп қаватли уйлардаги 14 та хонадон, 43 та автомашина ва бошқа кўчмас мулклар зарарни ундириш учун хатланган.
2021 йил декабр ойи охирида суд бу иш бўйича 27 нафар судланувчини айбдор деб топганди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Акром Раҳмонқулов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган эди.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
21:02 / 12.12.2024