Ўзбекистон | 15:25 / 29.03.2022
65080
5 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура вафот этган ходимининг оиласига салкам 1 млрд сўм тўлайдиган бўлди

2021 йилнинг 26 апрель куни Бош прокуратуранинг 33 яшар ходими Самир Раҳмонов вафот этган эди. Марҳумнинг отаси Kun.uz'га берган интервьюсида ўғлининг вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолгани сабабли қонун ҳужжатларида белгиланган товон пули берилишини сўраб, даставвал бош прокурор номига хат билан мурожаат қилганини, бироқ илтимоси бўйича рад жавобини олгач, Бош прокуратурани судга берганини маълум қилганди.

Марҳум Самир Раҳмонов / Фото: Kun.uz

Даъвони биринчи инстанцияда кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2021 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан, даъвогар – Аъзамжон Раҳмоновнинг жавобгар – Бош прокуратурага нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ҳамда маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво ва қўшимча даъво аризалари рад қилинганди.

Шундан сўнг даъвогар фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига ФИБ Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти киритганди. Апелляция шикояти Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, судлов ҳайъатининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилганди.

Аъзамжон Раҳмонов Kun.uz'га берган интервьюсида ўлим сабабини аниқлаш бўйича суд-тиббий экспертизаси ўтказилмагани, Самир Раҳмоновнинг жасадини экспертизага олиб бормоқчи бўлишганда у ўғлининг танаси ёрилишига рози бўлмаганини айтган, бу ҳаракатини ўлим сабаби экспертизасиз ҳам рўйи-рост маълумлиги, фарзандининг бош миясида қон томирлари ёрилгани яққол кўриниб тургани билан изоҳлаганди.

Аъзамжон Раҳмонов

Шунингдек, марҳумнинг яқинлари ҳодиса рўй берган куни иш берувчи – Бош прокуратура меҳнат инспекцияларини жалб қилиб, ходимининг ўлими юзасидан суриштирув ўтказмагани, қонунчиликда белгиланган тартибда далолатномалар тузмаганини айтишганди.

Суд мазкур ҳолатларда қонунчилик талаби бузилган деб топган ва ишни пухта ўрганмагани учун 2021 йил 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан РСТЭИАМ Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлими Сергели пунктининг давлат суд тиббий экспертизаси бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғига нисбатан хусусий ажримлар чиқарган.

Иш биринчи инстанция судида қайта кўрила бошлаганда Аъзамжон Раҳмонов оламдан ўтган эди.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар беришича, марҳум Аъзамжон Раҳмоновнинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинган.

Суднинг 2022 йил 10 мартдаги ажрими билан даъвогар Аъзамжон Раҳмонов вафот этганлиги сабабли унинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси иш юритувидан тугатилган.

Суд ташаббуси билан даъвогар томонидан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида жалб қилинган марҳум Самир Раҳмоновнинг беваси – Н.Раҳмонова судга жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан турмуш ўртоғининг иш жойида вафоти муносабати билан вояга етмаган фарзандлари ва ўзи учун нафақа, суғурта товони ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2022 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан Н.Раҳмонованинг жавобгарга нисбатан боқувчисининг вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.

Суд қарори билан Бош прокуратура Н.Раҳмонованинг фойдасига 951 275 952 сўм миқдорида бирйўла тўланадиган нафақа пули ва 20 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши ҳамда давлат фойдасига 76 642 076 сўм давлат божи тўланиши белгиланган.

Тошкент шаҳар судлари ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳал қилув қарорига нисбатан у қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти (протести) берилиши мумкин. Апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ҳамда апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан эса Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция инстанция судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида кассация шикояти (протести) берилиш мумкин. Иш апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, ҳал қилув қарори устидан кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин эмас.

Мавзуга оид