Ўзбекистон | 08:53 / 15.09.2020
4868
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби тасдиқланади

Тартиб Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини тўғри аниқланишини белгилаб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш тўғрисидаги тартибни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Божхона ҳудудига олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланадиган ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланиладиган товар қийматидир.

Ўзбекистон Республикасида қўлланиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқланиши халқаро амалиётда фойдаланиладиган умумий тамойилларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси божхона органлари қўллайдиган хавфни бошқариш тизимига асосланади.

Товарнинг божхона қиймати божхона қиймати декларацияси (БҚД) тўлдирган ҳолда товарларни декларациялашда декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига маълум қилинади.

Товарнинг божхона қиймати божхона қийматини аниқлашнинг келтирилган усулларига мувофиқ декларант ёки божхона брокери томонидан маълум қилинади.

Божхона органи декларант ёки божхона брокери томонидан танланган товарнинг божхона қийматини аниқлаш усулининг ва маълум қилинган божхона қиймати ҳисоблаб чиқарилишининг тўғрилигини назорат қилишни Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 319-моддасига мувофиқ амалга оширади.

Олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлаш қуйидаги усулларни қўллаш орқали амалга оширилади:

олиб кириладиган товарга доир битимнинг қиймати бўйича (1-усул);

айнан бир хил товарга доир битимнинг қиймати бўйича (2-усул);

ўхшаш товарга доир битимнинг қиймати бўйича (3-усул);

қийматларни чегириб ташлаш асосида (4-усул);

қийматларни қўшиш асосида (5-усул);

захира усул (6-усул).

1-усул олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг асосий усули ҳисобланади.

Агар олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашнинг 1-усулини қўллаш мумкин бўлмаса, Тартибнинг 8-банди учинчи — еттинчи хатбошиларида кўрсатилган усуллар кетма-кетликда қўлланилади. Бунда ҳар бир кейинги усулнинг қўлланилишига, агар божхона қийматини аниқлашда олдингисидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, йўл қўйилади. 4 ва 5-усуллар тескари кетма-кетликда қўлланилиши мумкин.

1-усул қийматли асосга эга бўлган ташқи савдо битимларига мувофиқ олиб кириладиган товарнинг божхона қийматини аниқлашда қўлланилади.

2- ва 3-усуллар илгари 1-усул билан аниқланган айнан бир хил ёки ўхшаш товарларга доир битим қийматидан божхона қийматини аниқлаш учун асос қилиб олинадиган база сифатида фойдаланишга асосланган. Бунда декларант ёки божхона брокери томонидан амалда мавжуд бўлган ташқи савдо битимларининг нархи ва товарларнинг Ўзбекистон Республикаси чегараси орқали олиб ўтилиши тўғрисидаги ҳужжатлар асосида тасдиқланган маълумотларни қўллайди.

4- ва 5-усуллар божхона қийматини ҳисоблаб чиқаришнинг тубдан бошқача асосни назарда тутади:

4-усул товарларнинг дастлабки ҳолати ўзгармаган ҳолатда (ёки қайта ишланган ҳолатда, агар қайта ишланганлик ҳолати товарларнинг нархига таъсирини аниқлаш мумкин бўлса) сотиладиган нархга асосланади;

5-усул товар экспортёр мамлакатда ишлаб чиқариш ва олиб чиқиш учун кетган харажатлар тўғрисидаги ахборотларга асосланади.

Мазкур усулларнинг қўлланилиши учун зарур бўлган маълумотларни олиш муайян қийинчиликлар билан боғлиқ бўлганлиги сабабли уларнинг қўллаш кетма-кетлиги декларант ёки божхона брокери томонидан ўзгартирилиши мумкин.

6-усул ўзидан олдинги усуллардан ҳеч бирини қўллаш имконияти мавжуд бўлмаганда қўлланилади. Ушбу усул бўйича божхона қиймати божхона органларида мавжуд бўлган нарх маълумотлари асосида аниқланади. Божхона органлари БҚДда мавжуд бўлган ахборотларни йиғиш, умумлаштириш ва тизимлаштиришни таъминлайди.

Агар божхона органи товарнинг божхона қийматини мустақил равишда аниқлайдиган бўлса, у 1 — 5-усулларнинг шартларини қўллашда бир мунча қайишқоқликни назарда тутувчи 6-усулдан фойдаланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид