Жорий йил 18 январ куни қабул қилинган президент фармонига кўра, қишлоқ хўжалигида ер ижараси шартномасини бошқа шахсларга ўтказиш (фермерлик ёки деҳқончилик ерларини бошқа шахсларга сотиш) тартиби жорий қилинганди. Kun.uz мазкур тартибга оид масалалар хусусида соҳа мутахассислари билан жонли эфирда суҳбат уюштирди, саволларга жавоб берилди.

Жорий йил бошида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ кутилган ўзгариш содир бўлди: энди фермерлар давлатдан ерни ижарага олиб, қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритувчи субъектлар ерни ижарага олиш ҳуқуқини сота оладиган бўлди. Яъни дейлик, фермерчилик қилиш фермернинг жонига тегди, шунда нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади. Ҳозир бу саволга жавоб топилди: фермер ижара ҳуқуқини сотиши мумкин бўлди.

Kun.uz мавзу юзасидан мутахассислар билан суҳбат уюштирди, студиямизда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдухалил Хидиров, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Хидирали Собидов саволларга жавоб берди. Фермерлардан келган саволларни Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов етказди.

Журналист Шокир Шарипов: Мана шу ўзгаришлар моҳиятини очиб берайлик томошабинга.

Абдухалил Хидиров: Бу ўзгаришлар бизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини бозор активларига айлантириш, ижара ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича президентимиз фармони билан қабул қилинган 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияда тўртинчи мақсад қилиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқларни кафолатлаш ва бозор активига айлантириш вазифалари юклатилган. Бугунги кунда мана шу ерларни бошқа шахсга ўтказиш бўйича фармонлар белгиланди. Ушбу фармондан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари, хусусан, Ер кодекси ва Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Камолиддин Икромов: Фермерлар ерни бериб юборишни истамас эди. Харажат қилиб қўйган ерини шундоқ бервормайди, тўғрими? Зиддиятлар ортиб борди. Қонунда чекловлар мавжуд эди ва ер сотиш имконияти йўқ эди. Шу сабабли, ер фермер қўлида қоларди ва ишламаган ерлар субаренда, яъни ўзига тегишли бўлмаган ерлар каби бошқариларди. Сотиш имконияти пайдо бўлганидан кейин ерга муносабат ўзгаради. Ерни сотганлик учун жиноий жавобгарлик бор эди, бу эса коррупцияга олиб келарди.

Шокир Шарипов: Яъни ер, мажозий қилиб айтадиган бўлсак, хоҳлаймизми-йўқми, ҳақиқий эгасига интилади. Бир фермер ерга нисбатан иштиёқ кўрсатмаяптими ёки уни ишлатишни истамай турибдими, малакаси етмаяптими, ер ҳақиқий эгасига ўтиши керак, тўғрими?