Жамият | 19:36 / 08.04.2026
3184
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда кроссфит оммалаштирилади – президент топшириғи

Маҳаллаларда аҳоли фитнес билан шуғулланишга жалб этилади. Мактабларда кроссфит бўйича тўгараклар очилиб, фитнеснинг бу тури “Беш ташаббус” мусобақаларига ҳам киритилади. Аҳоли саломатлиги яхшиланишига эришган маҳалла раиси, спорт волонтёри ва тренерлар моддий рағбатлантирилади.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон аҳолиси орасида кроссфит билан шуғулланишни оммалаштириш чоралари кўрилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев спорт соҳаси бўйича 7 апрел кунги селекторда топшириқлар берди.

“Дунёда махсус жиҳоз ва инфратузилма талаб қилмайдиган интенсив спорт машғулотлари, яъни кроссфит оммалашяпти. Кроссфит, бу нима дегани? Югуриш, сакраш, эгилиш, турникда тортилиш каби оддий жисмоний машқларни кетма-кет бажариш.

Қуронбоев (Маҳаллалар уюшмаси – таҳр.), Саъдуллаев (Ёшлар ишлари агентлиги), Икромов (Спорт вазирлиги) ҳокимлар билан маҳалла еттилиги, тренерлар ва “Соғлом ҳаёт” волонтёрлар иштирокида одамларни фитнес билан шуғулланишга жалб қилиши зарур.

Эъзоза Каримова (Мактаб вазирлиги), Азим Ҳусанов (Касбий таълим агентлиги), Икромов ва ҳокимлар 1 майгача барча мактаб ва техникумларда кроссфит бўйича тўгараклар ташкил қилсин.

Икромов, Қуронбоев, Саъдуллаев келгуси йилдан кроссфитни “Беш ташаббус” тизимига киритсин”, – деди президент.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, энди қайси маҳаллада спорт қамрови ошиб, аҳолининг саломатлиги яхшиланса, юрак-қон томир, диабет билан касалланиш кўрсаткичи камайса, волонтёрга ва маҳалла раисига йил якуни билан 15 млн сўмгача мукофот пули берилади. Шу маҳаллага оммавий спортга масъул тренерга эса 200 фоизгача ойлик устама тўланади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид