Жамият | 22:00 / 20.12.2017
85015
3 дақиқада ўқилади

24 соат видеокузатув остидаги тартибсизлик: Деновдаги чорраҳани жиловлай оладиган мард борми?

Фото: KUN.UZ

Сурхондарёдан KUN.UZ таҳририятига келиб тушган мурожаатлар орасида нақ тўрттаси Денов шаҳри марказидаги чорраҳадаги тартибсизликдан шикоят қилиб юборилган.

Биз Деновнинг қоқ марказидаги, шаҳардаги деҳқон бозори яқинидаги Мустақиллик ва Нозим Мирзаев кўчалари кесишмасидаги чорраҳани ўз кўзимиз билан кўриб, кузатдик.

Чорраҳа тартибга солинган ҳисобланади — светофор ишлаб турибди, боз устига, чорраҳа яқинида кўринарли жойда «24 соат видеокузатув» деган огоҳликка чорловчи плакат ҳам осиғлиқ, лекин на пиёдалар, на ҳайдовчилар йўл ҳаракат қоидаларини писанд қилишаяпти.

Умуман, қойил қолиш керак! Тумандаги ва шаҳардаги йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ходимлари нима қилишаяпти экан? Бозор куни биз бирорта ЙПХ ходимини ушбу чорраҳада учратмадик. Наҳотки кичик шаҳарчадаги битта чорраҳани тартибга олиш шунчалик қийин иш бўлса?

Деновдан тўрт киши ушбу чорраҳадан ёзғириб, таҳририятимизга шикоят йўллагани ҳам бежиз эмас экан. Ўша инсонларга раҳмат, деновлик бўлиб, шу ҳолатдан уялиб, тумандаги мутасаддилар ҳеч нарса қила олмаслигини билиб, республика миқёсида кичик, аслида жиддий муаммога эътибор қаратишни сўрашибди.

Биз тайинланганига икки ойча бўлиб қолган Денов туман ҳокими Улуғбек Қосимов билан учрашиб, чорраҳадаги вазиятни сўрадик.

— Бу чорраҳанинг бу аҳволдалигига бозорнинг шу ҳудудда жойлашганлиги сабабчи. Эски кўчалар бугунги кундаги машиналар оқимини ҳисобга олмасдан барпо этилган. Боз устига, Денов бозори катта бозор. Биргина Денов тумани эмас, Узун, Сариосиё, Шўрчи ва Олтинсой тумани аҳолиси ҳам келиб шу ерда бозор қилади. Биз бозорни бу ердан кўчириб, кўчаларни кенгайтиришни режалаштирганмиз, — деди Денов туман ҳокими У.Қосимов.

— Май ойида ёниб кетган кийим-кечак бозори ҳам кўчадими?

— Кийим-кечак бозори ҳам, деҳқон бозори ҳам янги қурилаётган бозор ҳудудига кўчирилади.

У. Қосимов бизни шу баҳонада Деновда янги қурилаётган бозор томон таклиф қилди. Деновдан сал четроқда улкан майдонда 500 ишчи ўринли гипермаркет, 1000 дўконли буюм бозори, 1500 дўконли ва 2500 растали деҳқон бозори, 3000 та автомашина сиғадиган тураргоҳ 14 та қурилиш субпудратчилари томонидан барпо этилаётгани ва янги бозор Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши айтиб ўтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шуҳрат Шокиржонов.
Маъруфжон Асқаров.
KUN.UZ мухбирлари

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид