Жамият | 12:14 / 22.07.2024
29742
1 дақиқада ўқилади

Чорвоқда бахтсиз ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган Зангиота туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилган. Оқибатда катамаранда бўлган 2 нафар Фарғона вилоятидан келган фуқаро воқеа жойида вафот этган.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 20 июл куни соат 14:30 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборининг Бурчмулла сув ҳавзасида бахтсиз ҳодиса бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган Зангиота туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилган.

Бунинг оқибатида катамаранда бўлган 2 нафар Фарғона вилоятидан келган фуқаро тан жароҳати олган. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида фуқаролар олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.

Бош прокуратура хабарига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темирйўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид