Адлия вазирлиги шовқин таъсири учун компенсация тўлови ҳуқуқий механизмини жорий этишни таклиф қилмоқда
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий қонунчилик ҳамда жорий амалиётни ўрганиш натижалари фуқаролар ва жамиятни шовқиндан ҳимоя қилиш соҳасида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Бу ҳақда вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотида айтилган.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар мамлакатда зарарли шовқин таъсирига қарши курашиш масалаларини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
“Автомобиль транспорти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ автотранспорт воситалари хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик талабларига, шунингдек, стандартлар ва техник шартларга мувофиқлик сертификатига эга бўлиши керак.
Айни пайтда, “тунги вақт” бўйича ягона тушунча мавжуд эмас. Ушбу вақт Меҳнат кодекси 122-моддасига мувофиқ – соат 22:00 дан 06:00 гача, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 192-моддасига мувофиқ – 23:00 дан 06:00 гача, “Турар жой биноларида, жамоат бинолари ва уй- жой қурилиши ҳудудларида рухсат этиладиган шовқин меъёрларидан ошмаслигини таъминлашга қўйиладиган санитария қоидалари ва нормалари”га (СанПиН 0267-09-сон) мувофиқ – 23:00 дан 07:00 гача деб белгиланган.
Бир қатор хорижий мамлакатларда шовқинга қарши кураш махсус қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Японияда 1968 йилги “Шовқинни тартибга солиш тўғрисида”, АҚШда 1972 йилги “Шовқинни назорат қилиш тўғрисида”, Буюк Британияда 1996 йилги “Шовқин тўғрисида” қонунлар мавжуд.
Ўрганиш натижасида инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган шовқинга қарши курашни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хусусан:
- шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашишни янада пухта ва аниқ тартибга солиш;
- рухсат этилган шовқин даражасига аниқлик киритиш;
- белгиланган даражадан ортиқ шовқин таъсири учун товон тўлашнинг ҳуқуқий механизмини яратиш.
Мазкур тавсияларни амалга киритиш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.
Автомобиль йўлларида шовқин баландлигини ўлчаш асбобларини ўрнатиш имкониятларини ўрганиш тавсия этилиб, шовқиннинг салбий таъсирига қарши курашиш соҳасидаги умумий вазиятни яхшилаш бўйича бошқа таклиф ва ташаббуслар ҳам масъул идораларга тақдим этилган.
Мавзуга оид
17:32 / 30.11.2024
Транспорт шовқини стресс ва безовталикни кучайтиради — тадқиқот
17:32 / 30.11.2024
АҚШда эркак уни нотўғри даволаган клиникадан 412 млн доллар товон ундирадиган бўлди
19:18 / 19.10.2024
Тамаки ишлаб чиқарувчилар Канада аҳолисига 23,6 млрд доллар компенсация тўлайди
18:21 / 14.09.2024