Ўзбекистон | 11:14 / 01.09.2021
11067
3 дақиқада ўқилади

«2050 йилга бориб Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши мумкин» — Обид Ҳакимов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Тошкентда бўлиб ўтаётган Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгаши 46-йиғилишида иқлим ўзгаришининг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кўпайтириш масалаларига тўхталиб ўтди.

Фото: Юрий Корсунцев

«Давом этаётган глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ривожланиши учун жиддий хавф туғдиради, чунки улар бу борада жуда заиф. Агар асрнинг охиригача дунёдаги ўртача ҳарорат 4 даражага кўтарилиши кутилаётган бўлса, Марказий Осиёда ҳарорат кўтарилиши 7 даражагача бўлиши мумкин.

Барқарор тараққиётнинг узоқ муддатли даъвати ва иқлим ўзгаришининг мумкин бўлган оқибатларини минтақа мамлакатлари яхши тан олади.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 25 фоизгача ошириш режалаштирилган. Тахминан 10 ГВт қайта тикланадиган энергия манбалари, шу жумладан 5 ГВт қуёш, 3 ГВт шамол ва 1,9 ГВт гидроэлектростанцияларда қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Минтақани иқлим ўзгаришига мослаштиришнинг асосий воситалари — иқтисодиётни босқичма-босқич карбонсизлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбалари улушини кўпайтириш ҳисобланади. Марказий Осиё минтақасида ривожланишнинг барқарорлиги учун жиддий муаммо сув ресурсларининг етишмаслиги.

Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. 2050 йилга бориб Марказий Осиёда тоза сув танқислиги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, Марказий Осиё сув ресурсларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш соҳасидаги бир-бирига зид қарорлар туфайли ҳар йили камида 1,75 миллиард доллар йўқотилмоқда. Шу сабаб охирги пайтларда Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни оширишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Тожикистон билан биргаликда Зарафшон дарёсида қуввати 320 МВт бўлган 2та ГЭС қуришни режалаштирмоқда. Ўзбекистон, шунингдек, Қамбар-ота ва Роғун ГЭС қурилиш лойиҳаларида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолининг йиллик ўсиши 6-7 фоизни ва 2030 йилга бориб Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли 120,8 миллиард кВт / соатни ташкил этади. Энергия ресурслари Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда муҳим», — дея таъкидлади мутахассис.

Мавзуга оид