Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Зеленскийнинг АҚШга сафари пайтида Валдайга ҳужум қилишдан манфаатдор эмасди – таҳлилчилар
Трамп Путин билан илиқ муносабатда эканидан келиб чиқсак, Зеленский айнан АҚШга сафари чоғида Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишдек провокацион ҳаракатга рухсат ё буйруқ бергани мантиққа тўғри келмайди, дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов. Камолиддин Раббимовга кўра, ҳеч қанақа далил кўрсатилмагани туфайли Россия ўзи учун баҳона тайёрлаб қўйгани ҳақидаги версия ўртага чиқмоқда.
Украина президентининг АҚШга сафарига фонида, Россия томони жиддий айблов билан чиқди: гўёки украинлар 91 та дрон билан Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилган. Москва буни “давлат терроризми” деб атади, лекин далиллар тақдим этмади. Киев эса бу гапларни мутлақо рад этмоқда.
Kun.uz бу борадаги саволлар билан сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовга юзланди.
“Агар ҳужум ҳақиқатан рўй берган бўлса, уни исботлаш қийин эмасди”
Камолиддин Раббимов:
— Россия томони Украина Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум уюштиргани ҳақида баёнот берди, бироқ ҳозирга қадар ушбу ҳужумни тасдиқловчи аниқ далиллар, етказилган зарар ёки жабрланганлар ҳақида ишончли маълумотлар тақдим этилмади. Мазкур баёнотлар АҚШда Доналд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасида тинчлик музокаралари бўлиб ўтаётган бир пайтга тўғри келди.
Россия Украинани уруш бошидан бери амал қилиб келинаётган норасмий “ўйин қоидалари”ни бузишда айблашга уринмоқда. Гап 2022 йил февралида, бир қатор давлатлар воситачилигида келишилган тамойиллар – яъни президент қароргоҳлари, марказий давлат институтлари ва олий ҳокимият объектларига ҳужум қилмаслик масаласи ҳақида кетмоқда. Шу вақтгача уруш асосан чегара ҳудудлари ҳамда стратегик инфратузилма объектларига зарбалар бериш орқали олиб борилган. Украина Россиянинг нефт заводлари ва бошқа стратегик инфратузилма объектларига ҳужумлар уюштирган бўлса, Россия ҳам жавобан Украинанинг энергетика ва муҳим саноат иншоотларига кенг кўламли зарбалар берди. Бироқ Москва энди вазиятни янги босқичга олиб чиқишга уриниб, Украинани эскалацияни юқори даражага кўтарганликда айбламоқда.
Хусусан, Россия томони Украинани 90 дан ортиқ дрон ёрдамида Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилганликда айблади. Шунга қарамай, Россия жамоатчиликка, халқаро ҳамжамиятга ва оммавий ахборот воситаларига мазкур ҳужумни тасдиқловчи инкор этиб бўлмайдиган далилларни тақдим этмади. Шу сабабли табиий савол туғилади: нега Россия бундай ахборот кампаниясини айнан ҳозир бошлаб юборди?
Агар ҳужум ҳақиқатан ҳам содир бўлган бўлса, уни исботлаш қийин эмас эди. Аммо ҳозирча бундай исботлар очиқ манбаларда мавжуд эмас.
Тинчлик музокараларини издан чиқаришга қаратилган сиёсий акция
Фарҳод Толипов:
— Фикримча, бугунги замонавий технологик имкониятлар – хусусан, космик кузатув ва сунъий йўлдош тизимлари орқали бундай ҳужумни аниқлаш ва тасдиқлаш қийин эмас. Ҳужум бўлган-бўлмаганини, қандай шароитда ва қайси йўналишдан амалга оширилганини яшириб бўлмайди. Шу сабабли АҚШ томонидан “аввал текшириш керак” деган эҳтиёткорона позиция билдирилаётгани бироз ғалати туюлади, чунки техник жиҳатдан бу масала аллақачон аниқланиши мумкин эди.
Қандай бўлмасин, ушбу воқеа тасодифий эмас ва у аниқ сиёсий маъно-мазмунга эга. Агар ҳужум ҳақиқатан ҳам содир бўлган бўлса, бундан манфаатдор томонлар тинчлик музокараларининг давом этишини эмас, балки уларнинг бузилишини истаётган кучлар бўлиши эҳтимоли юқори. Чунки давлат раҳбари қароргоҳига қилинган ҳужум Россия раҳбариятида кескин реакция уйғотиши табиий ва бу ҳолат Москванинг музокаралардан воз кечишига ёки уларни тўхтатишига баҳона бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шу боис ҳужум ортида ким турганидан қатъи назар, ушбу воқеа умумий жараёнда тинчлик музокараларини издан чиқаришга қаратилган сиёсий акция сифатида кўрилмоқда.
Тахминлардан бири – “Россия баҳона тайёрлаб қўйган”
Камолиддин Раббимов:
— Зеленский ва Трамп АҚШда тинчлик музокараларини олиб бораётган бир пайтда, Россия томонида муайян стратегик сценарий ишлаб чиқилгани ҳақидаги тахминлар кучаймоқда. Ушбу версияга кўра, агар Трамп ва Зеленский ўртасида Россияга босим ўтказишга олиб келадиган муҳим келишувлар юзага келса, Москва тинчлик жараёнидан чиқиб кетиш учун олдиндан баҳона тайёрлаб қўйган бўлиши мумкин. Бу баҳона сифатида Украинани айблаш варианти танланган. Мазкур мантиққа кўра, Россия кейинчалик шундай позицияни илгари суриши мумкин эди: гўёки Москва тинчликка тайёр бўлган, бироқ Украина Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилгани сабабли музокаралар бузилган. Яъни “биз тинчликдан қочмадик, бунга Украина сабаб бўлди”, деган нарративни шакллантириш мақсад қилинган.
Шу нуқтайи назардан, “Валдайга ҳужум қилинди” деган ахборот кампанияси Россия учун қулай сиёсий восита сифатида кўрилади. Бироқ АҚШда бўлиб ўтган Трамп ва Зеленский музокаралари кутилган даражада йирик натижа бермади. Томонлар умумий баёнотлар билан чекланди: “90 фоизлик келишув”, “95 фоизлик хавфсизлик кафолатлари” каби иборалар янгради, аммо уларнинг аниқ мазмуни ва тафсилотлари очиқланмади. Натижада ҳозирча бу версия эҳтимолий сценарий сифатида қолмоқда, аммо Россия томонидан илгари сурилаётган баёнотларнинг сиёсий фонини тушунишда муҳим аҳамият касб этади.
“Зеленский Вашингтондан туриб бундай буйруқ бериши эҳтимолдан йироқ”
Фарҳод Толипов:
— Бу ҳолат на Зеленский, на Трамп манфаатларига мос келади. Айниқса, Трампнинг шу пайтгача Россия президенти билан нисбатан нисбатан илиқ муносабатда бўлгани ва умуман Москва томонига оғишган сиёсий позициясини инобатга олсак, Зеленский Вашингтонда бўлган пайтда бундай хавфли ва провокацион буйруқ бериши эҳтимолдан йироқ. Чунки бу Трампнинг ғазабини қўзғатиши ва томонлар ўртасида олиб борилаётган музокараларга жиддий путур етказиши мумкин эди. Шу боис, Зеленский томонидан бундай кўрсатма берилгани ҳақидаги тахминлар мантиқан асосланмаган.
Қолаверса, ҳозирча ҳужум бўйича аниқ далиллар тақдим этилмаган. Шу сабабли расмий баёнотларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозим. Вазиятга ойдинлик киритиш учун мустақил текширув ва далиллар эълон қилиниши талаб этилади.
Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
18:59 / 02.04.2026
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
15:24 / 02.04.2026
🔴 LIVE: Хитойнинг таклифи ва НАТОдаги парчаланиш | "Геосиёсат"
09:57 / 02.04.2026
Айрим ўзбекистонликлар Владивосток аэропорти орқали Россияга киритилмади
08:52 / 02.04.2026