Мактабгача таълим вазирлиги ўтказадиган халқаро конференцияга 19,1 млрд сўм сарфланмоқда
Тўғридан тўғри тузилган шартномалардан бирининг умумий баҳоси қарийб 13 млрд сўм. Шунча пул уч кунлик конференция ўтадиган залларни безатишга сарфланади.
2022 йил 14-16 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтади. Давлат харидлари электрон тизимига жойлаштирилган маълумотларга кўра, бу конференция доирасидаги тадбирларни ўтказиш учун Мактабгача таълим вазирлиги 5 та компания билан қарийб 20 млрд сўмлик шартномалар имзолаган.
Хусусан, 24 октябрда Мактабгача таълим вазирлиги Asia Star Plaza МЧЖ билан қиймати 334 млн сўмлик шартномани имзолаган. Шартномага кўра, Hampton by Hilton меҳмонхонасидан 5-20 ноябр кунлари 83 нафар одам учун стандарт бир кишилик хоналар берилади.
26 октябр куни эса вазирлик Twins Creative and Entertainment МЧЖ билан ҳам шартнома имзолаган. Бунда 227 млн 400 минг сўм эвазига компания МТВнинг тарихига бағишланган битта 5 дақиқали видеони 154 млн 640 минг 500 сўмга, LED экран учун 4 та 15 сонияли видеороликни 72 млн 772 минг сўмга тайёрлаб беради.
Қайд этилишича, ноябрдаги конференция доирасида Humo arena’да Wе are the children номли фотокўргазма ҳам ўтказилади. Бу тадбир тайёргарлиги учун эса Wind Rose МЧЖга жами 3 млрд 300 млн сўм сарфланиши кўзда тутилган.
Вазирлик 28 октябрда Congress Hall’даги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш учун Abdullayev A’zam Xasanovich ЯТТ билан 2 млрд 300 млн сўмлик шартнома тузган.
Шунингдек, 2 ноябр куни имзоланган шартномага кўра 13-16 ноябрда Congress Hall ва Hilton’нинг ички ва ташқи майдонларини конференция учун безатиш ишларига Global Event and Construction МЧЖ ёлланиб, бунинг учун 12 млрд 906 млн сўм сарфланади.
Юқоридаги барча шартномаларда Мактабгача таълим вазирлиги буюртмачи ҳисобланиб, уларни вазир ўринбосари Нодир Муслитдинов имзолаган.
Kun.uz ушбу шартномалар ва мазкур конференцияга оид қўшимча маълумотлар олиш мақсадида вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаевага боғланди. Унинг айтишича, бу тўғрисидаги маълумотлар глобал форум ўтганидан сўнг берилиши мумкин.
«Молиявий масалалардан умуман хабарим йўқ, фақат глобал форумдан кейин бу ҳақдаги маълумотларни беришим мумкин. Саволларингизни тегишли бошқармага жўнатиб юбордим, лекин мутасадди ходимларнинг ҳозир бунга вақти йўқ, айни вақтда улар 1,5 минг нафар меҳмонни жойлаштириш масалалари билан банд»,– дея жавоб берди Асқархўжаева.
Мавзуга оид
17:10 / 17.10.2024
Ислом оламининг забардаст уламолари Тошкентда жамланди — фоторепортаж
10:29 / 04.09.2024
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни терроризмга қарши курашнинг асоси деб ҳисоблаймиз – Шавкат Мирзиёев
17:43 / 31.03.2022
Хусусий боғчаларга ишга олинадиган тарбиячилар комиссиялардан ўтказилмайди – вазирлик Самарқандда болалар қўлига игна санчилган ҳолат ҳақида
17:07 / 30.11.2021