Жаҳон | 16:11 / 17.11.2025
6255
5 дақиқада ўқилади

Бангладеш суди собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани сиртдан қатлга ҳукм қилди

У бир йил олдинги намойишларни бостириш чоғида инсониятга қарши жиноятлар содир этилишида айбдор деб топилган.

Фото: Reuters

Бангладеш суди мамлакатнинг собиқ бош вазири Шайх Ҳасинани 2024 йилги норозилик намойишларини тарқатиш чоғида инсониятга қарши жиноятлар содир этилишида айбдор деб топди. Ҳукуматнинг собиқ раҳбари ўлим жазосига ҳукм қилинган, бироқ у ўша воқеалар чоғида Ҳиндистонга қочиб кетганди ва Бангладеш ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинмаган.

78 ёшли Ҳасина билан бирга унинг ҳукуматидаги яна икки амалдор айбдор деб топилди: собиқ ички ишлар вазири Асадуззамон Хон Камол ҳамда полициянинг собиқ бошлиғи Чаудҳури Абдуллоҳ ал-Маъмун.

Суд залида улардан фақат иккинчиси иштирок этди: у ўз айбига иқрор бўлган ва суд жараёнида айбловчи томон гувоҳи сифатида кўрсатма берди.

Намойишларга нима сабаб бўлган ва воқеалар ривожи қандай кечганди?

Бангладешдаги оммавий норозилик намойишлари 2024 йил июл ойида бошланган ва тез орада ҳуқуқ-тартибот идоралари билан қонли тўқнашувларга айланиб, юзлаб одамлар, жумладан, болалар ҳалок бўлганди.

Намойишлар шафқатсизларча бостирилгани акс этган кадрлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган ва мамлакат аҳолисида норозилик уйғотганди.

Бангладешдаги намойишларни талабалар бошлаган: улар давлат секторидаги иш ўринларининг учдан бир қисми 1971 йилги Покистон мустақиллик уруши фахрийларининг қариндошлари учун ажратилган тизимни ўзгартиришни талаб қилиб чиқишганди.

Намойишлар шафқатсиз тўқнашувларга айланиб кетган ва юзлаб намойишчилар ҳалок бўлганди.

Шайх Ҳасина ҳукумати 2018 йилда ушбу квоталарни бекор қилганди, 2024 йил июн ойида эса қуйи инстанция суди уларни тиклади. Талабалар мавжуд тартибни дискриминация деб аташди ва ишга қабул қилиш ҳар бир номзоднинг малакасига қараб амалга оширилишини талаб қилишди.

Полиция билан тўқнашув фонида Бангладеш ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб кучайтирилган таҳдид режимини жорий қилди. Деярли ҳамма жойда интернет узилди, айрим ҳудудларда телефон линиялари ишламади. Пойтахтда комендантлик соати жорий этилди. Расмийлар намойишчиларни BTV давлат телекомпанияси биносига ўт қўйишда айблади. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар қўллади.

Бир неча кун ўтгач, Бангладеш Олий суди давлат секторидаги иш ўринларининг аксарият квоталарини бекор қилиб, фахрийларга атиги 5 фоиз ўрин қолдирди, давлат секторидаги иш ўринларининг 93 фоизи эса одамларнинг касбий лаёқатига қараб тақсимланадиган бўлди.

Бироқ ҳукумат суд қарорига дарҳол реакция билдирмади ва талабалар ташкилотлари вакиллари норозилик намойишлари давом этишини маълум қилди.

2024 йил август ойи бошида Шайх Ҳасина истеъфога чиқди ва қўшни Ҳиндистонга қочиб кетди. Кўп ўтмай намойишчилар унинг расмий қароргоҳига бостириб кирди.

Орадан кўп ўтмай Бангладеш муваққат ҳукумати тузилиб, унга тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори, 85 ёшли Муҳаммад Юнус раҳбарлик қилди (у мукофотни 2006 йилда мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун олган).

Юнус янги сайловларни 2026 йил феврал ойи бошида ўтказишга ваъда берди.

Ҳасинанинг ўзи нима дейди?

Ҳукм эълон қилинганидан кўп ўтмай, Ҳасина судни ноқонуний деб атаб, баёнот берди. У мазкур суд мамлакатни бошқариш учун демократик мандатга эга бўлмаган ҳукумат томонидан ташкил этилганига эътибор қаратган.

Бангладешда намойишларни тарқатишда ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган акциялар бўлиб ўтмоқда

«Мени айблаётганлар билан далиллар шаффоф баҳоланиши ва текширилиши мумкин бўлган ҳақиқий судда учрашишдан қўрқмайман», – деди ҳукуматнинг собиқ раҳбари.

У ўз ишини мустақил органда, масалан, Ҳаагадаги Халқаро жиноий судда кўриб чиқишни таклиф қилганини эслатди.

Ўтган ҳафта Ҳасина BBC учун берган ёзма изоҳида унинг устидан бўлиб ўтган суд жараёнини ортида сиёсий рақиблари турган масхарабозлик деб атаганди. У хавфсизлик кучларига намойишчиларга қарата ўт очиш бўйича шахсан кўрсатма бергани ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этишини таъкидлаган.

«Вазият издан чиққани ва кўплаб одамлар беҳуда ҳалок бўлганини инкор этмайман. Аммо мен ҳеч қачон қуролсиз тинч аҳолига қарата ўт очиш ҳақида буйруқ бермаганман», – дейди Ҳасина.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид