Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бангладешда Ўзбекистоннинг янги элчиси ишонч ёрлиқларини топширди
Ўзбекистоннинг Бангладеш Халқ Республикасидаги элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат президенти Муҳаммад Шаҳобуддинга ишонч ёрлиқларини топширди.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Муҳаммад Шаҳобуддин Ўзбекистонни Бангладешнинг Марказий Осиёдаги асосий минтақавий шериги ва ишончли дўсти деб атади. У сўнгги йилларда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ва ташаббуслар туфайли мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Бангладеш ҳукуматининг мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратаётгани қайд этилди. Тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати каби соҳаларда шериклик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Бангладеш томони ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот чоғида маданий-гуманитар соҳада, жумладан, туризм ва олий таълим йўналишларидаги шерикликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 15 октябрда ўрнатилган. Ўзбекистоннинг янги элчиси Сардор Рустамбоев 2024 йил январ ойида Деҳлига келган бўлиб, унгача мамлакатнинг Франция ва Португалиядаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилган.