Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Бангладеш компаниялари учун транзит ва ишлаб чиқариш ҳаби бўлиши мумкин
Ўзбекистоннинг Бангладешдаги элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев Дакка шаҳрига амалий ташриф буюрди. Бу ҳақда “Дунё” мухбири хабар берди.
Ташриф доирасида Бангладеш Ташқи ишлар вазирлиги, ҳукумат ва ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, икки томонлама алоқаларни янги, амалий даражага олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Дипломатлар президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистонда эришилаётган барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсиш тўғрисида батафсил маълумот берди.
Бангладеш ташқи ишлар вазири ўринбосари Назрул Ислом билан учрашувда Ўзбекистон–Бангладеш муносабатларининг ижобий ривожланиш суръатлари алоҳида қайд этилди. Ташқи сиёсат идораси раҳбарининг муовини Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатни Марказий Осиёнинг улкан иқтисодий салоҳиятга эга етакчи давлати сифатида таърифлади.
Томонлар тўқимачилик саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва туризмни ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилади. Ўзаро манфаатли ришталарни фаоллаштиришнинг асосий омили сифатида Тошкент ва Дакка ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Бангладеш бош вазирининг савдо, тўқимачилик, авиация ва туризм бўйича маслаҳатчиси шайх Башир Уддин билан музокаралар ҳам самарали ўтди. У тўқимачилик соҳасида тўпланган бой тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга, айниқса, тўқимачилик тармоғидаги янгиланишларга катта қизиқиш билдирди.

Шайх Башир Уддин Ўзбекистоннинг стратегик жойлашувини алоҳида таъкидлар экан, мамлакат Россия ва Европа бозорларига чиқишга интилаётган Бангладеш компаниялари учун муҳим ишлаб чиқариш ва транзит ҳаби бўлиши мумкинлигини қайд этди. У жиддий ва амалий ниятлар ифодаси сифатида Бангладешнинг етакчи компаниялари делегациясига бошчилик қилиб, 2026 йилда Ўзбекистонга сафар қилишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон элчихонаси томонидан Дакка шаҳрида мамлакатнинг иқтисодий ва инвестицион салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Унда Бангладеш савдо вазири ўринбосари Маҳбубур Раҳмон, етакчи савдо-саноат палаталари ва йирик компаниялар вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар борасида катта қизиқиш билдирди. Бангладеш ишбилармон доиралари вакиллари 2026 йилда Ўзбекистонга бизнес-сафар уюштириш ниятида эканини маълум қилди.
Даккага амалий ташриф натижалари Ўзбекистон–Бангладеш муносабатларини амалий қўшма лойиҳалар шакллантириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли ошириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.