Ўзбекистон | 15:16 / 28.09.2022
84087
9 дақиқада ўқилади

«Саргузаштларингизни чет элдан ҳам юборишди». Ҳокимлар ишдан олинган видеоселектордан тафсилотлар

27 сентябр кунги видеоселектор йиғилишида президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов президент қарори билан беш туман ҳокими ишдан олингани ва Сурхондарё вилояти ҳокимига интизомий чора қўллангани ҳақида маълум қилди. У ҳокимлар «бутун давлат тизими ва президент жамоасини уятга қўйгани» ҳақида айтган.

28 сентябр куни Telegram-каналларда президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов раҳбарлигидаги селектор йиғилишидан аудиоёзув тарқалди.

Унда администрация раҳбари аввалига Андижон вилоятидаги уч туман ҳокимига танбеҳ беради ва кейин улар ишдан олинганини маълум қилади. Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевга у фуқароларни қандай қабул қилгани эслатилади. Август ойида туман ҳокимлиги матбуот хизмати фуқаролар қабулидан фотосуратлар эълон қилган, уларда ҳоким ва ҳокимликнинг бошқа вакиллари шийпончада ўтиришгани, оддий одамлар эса ундан бир неча метр масофада ва пастроққа қўйилган стулда мурожаатини айтаётгани акс этган.

Йиғилишда Сардор Умурзоқов Андижон тумани ҳокимига «Эгамбердиев, жаноби олийлари, селектор йиғилишида айвонда ўтирмаяптиларми?» дея киноя билан мурожаат қилган.

«Ҳамма кўрди. Бутун дунёга шарманда бўлдик. Айвонда ўтириб олиб, масофани сақлашни баҳонасида... ундай бўлса, нега сектор раҳбарларини ёнингизга ўтқазиб қўйдингиз? Фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик, димоғдорлик, кибр-ҳаво. Бу нима деган гап?» — дейди Сардор Умрзоқов.

Бу ҳолат жамоатчилик томонидан кескин танқид ва эътирозларга учрагани таъкидланган.

«Бу бутун жамиятимиз, ижтимоий тармоқда қизғин муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлди. Жамоатчилик олдида сиз ўзингизни эмас, Андижон тумани ҳокимлигини эмас, бутун давлат тизимини, бутун президент жамоасини обрўсизлантиришга олиб келдингиз. Шунинг учун ҳурматли президентимиз қарор қабул қилдилар: биринчидан, сиз эгаллаб турган лавозимингиздан бугун озод қилинасиз, иккинчидан, сизнинг бу хатти-ҳаракатингизга ҳуқуқий баҳо берилади. Чиқиб кетинг залдан», — дея қайд этади у.

Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихонов ер ажратишдаги қонунбузарликлар учун жазоланган.

Мансурбек Алихонов

«Асака тумани ҳокими жаноб Алихонов. Ер ажратиш масаласида 56 та қарор билан 2 минг 390 гектар ер ноқонуний ажратилган. 2021—2022 йилларда, бир ярим йилнинг ичида, ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган. Ниғматилла Тўлқинович (бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев), шундай, ҳа?  Шунинг учун бугун президентимизнинг қарорлари билан сиз ҳам лавозимингиздан озод этиласиз. Чиқиб кетинг залдан, бу залда ўтиришга ҳаққингиз йўқ», — деган администарция раҳбари.

Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов эса имтиёзли кредитлар ажратишдаги камчиликлар туфайли ишдан олинган.

Элёрбек Усмонов

«Пахтаобод тумани ҳокими Усмонов жаноблари. «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида «Барлос асали» фермер хўжалигига чорва ҳайвонлари учун 4 миллиард 800 миллион сўмлик 291 та имтиёзли кредит берилган. Сизнинг топшириғингиз билан. Ҳозир қўйлар фуқароларга ҳақиқатан етказиб берилгани ва бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. Алоҳида текшириш бўляпти. Бу ўз йўлига.

Бошқа ҳолатлар ҳам бор. Улар далил-исботи билан, расми билан, аудиоси билан менинг столимда турибди ҳозир. Бугун ҳурматли президентимиз топшириғи билан сиз лавозимингиздан озод этиласиз. Залдан чиқиб кетинг», — деган Сардор Умрзоқов.

У Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга юзланиб, мазкур 3 нафар ҳокимнинг масаласини тезкор ҳал қилиш бўйича топшириқ берган.

«Буларнинг бинодан чиқиб кетишида гувоҳномасини олиб қўйсин. Шарманда қилиб, бинодан чиқариб юборсин, иккинчи яқинлаштирмасин», — деган у.

Шундан кейин Фарғона туман ҳокими Шуҳратжон Мўминов микрофонга чақирилган. У ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Шуҳратжон Мўминов

«Сиз ҳам жуда яхши биласиз, алоҳида жиноят иши қўзғатилган. Тендерсиз ер майдонларини ажратиш бўйича қарорлар чиқарилган сизнинг туманингизда. Унумдор бўлган 25 гектардан кўп ер майдонини бириктириш эвазига нималар бўлганини ҳам жуда яхши биласиз», — деган у. 

Администрация раҳбари Шуҳратжон Мўминовга мурожаат қилар экан, унга ёзмаса ҳам бўлишини, китобчани ёпиб, ручкани чўнтагига солишини айтган.

«Жаноб Мўминов, ёзмасангиз ҳам бўлади, китобчангизни ёпинг, ручкангизни кистангизга солинг. Ҳурматли президентимизнинг бугунги қарорлари билан Фарғона тумани ҳокими Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Залдан чиқиб кетинг. Хайрулла Ҳайитбоевич, гувоҳномасини топширсин. Ҳали унинг жиноий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслик масаласи бўйича икки ҳафтада гаплашамиз», — деди президент администрацияси раҳбари.

Шунингдек, Самарқанд вилояти Нуробод туманининг лавозимга тайинланганига олти ой ҳам тўлмаган ҳокими Шерали Йўлдошев ишдан олинди. У 23 август куни берилган вазифаларни ўз вақтида бажармаганини рўкач қилиб, туман ҳокимлиги девонхона бўлими мутахассисини калтаклаган.

Шерали Йўлдошев

«Йўлдошев жаноблари. Янги ҳоким, ярим йил ҳам бўлмади ҳали. Менимча, бу киши «ҳоким дегани зўравонлик қилиши керак, ҳоким дегани ман деб туриб олиши керак, ҳоким дегани бу бир тўраларча ёндашув билан ишлаш керак», деб тушунса керак. Ярим йиллик ҳокимимиз, мана.

23 август куни берилган вазифаларни ўз вақтида бажармаганини рўкач қилиб, туман ҳокимлиги девонхона мутахассисига нисбатан жисмоний куч ишлатган. У бечора девонхона ходими хоҳласа ҳам андиша қилганидан, тарбияли бўлганидан жавоб қайтаролмайди. 

Нечанчи асрда яшаяпмиз? Янги Ўзбекистонга муносиб ҳоким шундай бўладими? Идора ва ташкилотлар раҳбарларини қўл остидаги ходимларини фуқаролар олдида турли ҳақоратли сўзлар билан камситишни ўзингизга одат қилиб олгансиз, жаноб Йўлдошев. Ким сизга рухсат берди? Ўзингизга, оилангизга, бутун вилоятга, давлат тизимига иснод келтирдингиз. Ҳамма, ҳар битта айтган ҳақоратомуз сўзларингизнинг аудиоси ҳам бор, расшифровкаси ҳам бор — ҳаммаси турибди. Энг аянчлиси, ачинарлиси, ҳурматли президентимиз ҳам шунинг ҳаммасини кўриб, эшитиб жуда ҳам каттиқ ранжидилар.

Шунинг учун, бугун ҳурматли президентимиз қарор қабул қилдилар, сиз ҳокимлик даражасига муносиб эмассиз. Шунинг учун бугун сиз лавозимингиздан озод этиласиз. Залдан чиқиб кетинг, гувоҳномасини олиб қўйинглар чиқиб кетаётганда», — деган Умрзоқов.

Бундан ташқари, Наманган вилоятига хизмат сафари пайтида меҳмонхонада содир этган номақбул хатти-ҳаракатлари ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов лавозимидан озод этилган.

Бахтиёр Отамуродов

«Вазирлар Маҳкамаси студиясини ёқинг. Жаноб Отамуродов, «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори. Каттакон, чиқин микрофонга. «Бутун дунё» десак ҳам адашмаймиз… Менга ҳатто чет элдан ҳам Telegram орқали сизнинг саргузаштларингизни юборишди. Наманган вилоятига хизмат сафарида… ва ҳоказо ва ҳоказо. Майли, ҳамманинг олдида айтмайман. Нималар қилганингизни ҳамма кўрди. Бу мутлақо давлат органи, яна республика органи раҳбарининг лавозимига тўғри келмайдиган ҳолат. Давлат тизимини сиз шарманда қилиб, обрўсизлантирдингиз. Мана ҳамманинг олдида туриш муносибми сизга? Банкда қанча вақт ишлагансиз... Ҳурматли президент қарорлари билан бугун сиз ҳам лавозимингиздан озод этиласиз. Чиқиб кетинг залдан, жаноб Отамуродов. Гувоҳномасини қўриқчида қолдирсин», — деган Сардор Умрзоқов.

Аудио охирида президент администрацияси раҳбари Сурхондарё вилояти раҳбари Тўра Боболовга ҳам мурожаат қилади. Аввалроқ интернетда у бошқаларни ҳақорат қилаётгани ёзилган аудиолар тарқалганди.

«Тўра Абдиевич, сиз ўзингиз ҳам кўп туман ҳокимлари ва сектор раҳбарларига ўрнак бўлмаяпсиз. Мен ҳамманинг олдида бу гапларни сизга айтишга мажбурман. Интернетда чиққан гаплар... монтаж дедингиз, бошқа дедингиз. Ҳаммаси экспертиза қилинди. Ҳаммаси ўзингиз айтган гаплар... 

Бугун президентимиз топшириғи билан сизга интизомий жазо чораси сифатида ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима қўлланди», — деган у.

Шундан кейин Сардор Умрзоқов президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоевга ишчи гуруҳ тузиб, вилоятдаги вазиятни ўрганиш бўйича топшириқ берган.

«Қаҳрамон Қўчқорович, сизга топшириқ: эртагаёқ гуруҳ тузасизлар, ўзингиз бош бўласиз. Умуман, аҳвол яхши эмас, тартибга солиш керак. Керак бўлса жиноий жавобгарликка тортииш керак. Ҳаммасини кўтариш керак, оқни оқ, қорани қорага ажратиб, тартиб ўрнатиб, ким айбдор бўлса ҳаммасини жиноий жавобгарликка тортиш керак. Буни Бош прокуратура таъминлаб беради. Сиз холис баҳо бериб қайтиб келасиз. Бир ҳафтада менга ахборот берасиз, ҳурматли президентимизга ахборот киритамиз», — деган администрация раҳбари.

Мавзуга оид