Ўзбекистон | 16:07 / 26.07.2019
16200
5 дақиқада ўқилади

Ҳукумат фан олимпиадалари бўйича янги қарор қабул қилади

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Низомга кўра, фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш жараёни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

а) иқтидорли ўқувчи ёшларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий ва услубий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштириш ва улар асосида таълим муассасалари учун тавсия ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;

б) умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида маҳаллий ва халқаро, шу жумладан нодавлат фан олимпиадаларини ташкил этиш, уларнинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш;

в) юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда олимпиадалар учун доимий янги назорат материалларини ишлаб чиқиш;

г) халқаро олимпиадалар иштирокчиларини юқори малакали мутахассислар, шу жумладан олимлар, профессор-ўқитувчилар, хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда тайёрлаш, инглиз тили ва рус тили фанларидан мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида махсус курслар ташкил этиш;

д) фан олимпиадаларида юқори натижаларни қайд этган иқтидорли ўқувчиларнинг келгусидаги фаолиятини мониторинг қилиб бориш ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.

Департамент фан олимпиадалари учун тайёрланадиган топшириқлар (тест, ёзма ва амалий ишлар ҳамда лаборатория машғулоти)ни давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мазмунан мос келишини таъминлайди.

Топшириқлар иқтидорли ўқувчилар учун мўлжалланган бўлиб, иштирокчиларнинг мантиқий фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш мақсадида халқаро фан олимпиада материалларидан фойдаланишлари мумкин.  

Фан олимпиадалари қуйидаги турларга бўлинади:

а) умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича асосий олимпиадалар;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташкил этиладиган умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида қўшимча республика олимпиадалари;
      
в) умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасидан халқаро фан олимпиадаларига саралаш;
   
г) умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида онлайн фан олимпиадалари.

Қуйидагилар фан олимпиадалари иштирокчилари ҳисобланади:

а) миллий фан олимпиадада умумий ўрта таълим муассасаларининг 9 - 11-синф, академик лицейнинг 1-ва 2-босқич ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 1 - 3 босқич ўқувчилари;

б) маҳаллий фан олимпиадада ўтган ўқув йилида ўтказилган миллий олимпиаданинг III босқичида ғолиб бўлган (1 - 3-ўрин) умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-босқич ўқувчилари;

в) халқаро фан олимпиадада ўтган ўқув йилида ўтказилган миллий олимпиаданинг III босқичида 1-5-ўринларни эгаллаган умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-10-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-2 (3)-босқич ўқувчилари;

г) онлайн фан олимпиадасида умумий ўрта таълим муассасаларининг 4-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 1-ва 2(3)-босқич ўқувчилари.

Департамент фан олимпиадаларига тайёргарлик кўриш ҳамда ягона илмий-услубий ёндашув асосида очиқ ва шаффоф тарзда ўтказишни таъминлайди.
 
Фан олимпиадаларининг вилоят ва республика босқичи натижалари Департаментнинг расмий веб-саҳифасида эълон қилинади.

Фан олимпиадаларни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонларини Халқ таълими вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқади.

Фан олимпиадаларнинг ҳар бир босқичини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармалари масъулларидан иборат ташкилий қўмита тузилади. 

Фан олимпиадаларини ўтказиш бўйича бутун тадбирлар комплексини бажариш учун Халқ таълими вазирлиги тузилмасидаги Департамент, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ва бошқа тузилмаларни ташкил этадилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид