Ўзбекистон | 23:37 / 15.07.2021
23639
2 дақиқада ўқилади

Имрон Хон: “Мулоқотимиз охирига бориб ўзбек тилини тушуна бошладим”

Покистон бош вазири, шунингдек, Ўзбекистонда крикетни оммалаштиришда ёрдам бериши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон Кўксаройда ҳужжатлар алмашинуви маросимидан сўнг делегация ва ОАВ вакиллари қаршисида учрашув натижалари тўғрисида маълумотлар бердилар.

Покистон бош вазири Имрон Хон ўзаро музокараларда қатор соҳаларда жиддий ютуқларга эришилганини таъкидлади, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Аввало, самимий эҳтиром ва меҳмондўстлик учун ўзим ва 130 кишилик делегациямиз номидан миннатдорлик билдираман. Бу менинг Ўзбекистонга биринчи ташрифим, иншааллоҳ, охиргиси бўлмайди.

Ўзбекистон ва Покистонни боғловчи қатор тарихий жиҳатлар бор. 1966 йилдаги тинчлик музокаралари ҳам айнан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган. Ўшанда мен ўсмир ёшда эдим. Қолаверса, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларни зиёрат қилишни болалигимдан орзу қилганман.

Президент дўстим Шавкат Мирзиёев билан суҳбатимиз узоқ давом этганидан, мулоқотимиз охирига бориб мен у жаноб сўзлаётган сўзларни тушуна бошладим. Чунки урду ва ўзбек тиллари бир-бирига яқин. Яна кўпроқ мулоқот қилсак, таржимонга ҳожат қолмас экан.

Бугунги кунда Покистон ва Ўзбекистонда аҳолининг қуйи қатламларига эътибор қаратиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича қилинаётган ишлар ҳамоҳанг. Сиз билан биз “Ная Пакистон” ва Янги Ўзбекистонни қуряпмиз.

Ҳамкорлигимиз ривожлана борса, мен Ўзбекистонда крикетни оммалаштиришда ёрдам беришга тайёрман”, – деди Покистон етакчиси.

Бунга жавобан президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда крикет федерацияси рўйхатга олингани, бир неча минг ўзбекистонлик ёшлар бу спорт билан мунтазам шуғулланаётганини айтиб ўтди.

Маълумот учун, Покистон бош вазири Имрон Хон ёшлигидан крикет спорт тури билан профессионал тарзда шуғулланиб келади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид