Жаҳон | 16:59 / 17.08.2025
7872
4 дақиқада ўқилади

Ғазода очарчиликдан озиб кетган аёл Италияда вафот этди

Ўта ҳолдан тойган аёл даволаниш учун эвакуация қилинганди.

Andrea Fasani/ EPA

20 ёшли Мара Абу Зуҳри Италия ҳукумати томонидан ташкил этилган дастур доирасида чоршанба куни тунги рейсда онаси билан бирга Пизага етиб келганди.

Пиза университети касалхонаси хабар беришича, унда юрак хуружи қайд этилган ва жума куни – келганидан 48 соат ўтмай вафот этган.

Шифохона маълумотларига кўра, унда вазн ва мушак массасини кескин йўқотиш қайд этилган. Италия ахборот агентликлари хабар беришича, у тўйиб овқатланмасликдан азият чеккан.

БМТ Ғазода кенг кўламли очарчилик ҳақида огоҳлантирмоқда. Ўтган ой ташкилот томонидан қўллаб-қувватланувчи экспертлар ҳисоботида Ғазода очарчиликнинг «энг ёмон сценарийси» амалга оширилаётгани айтилганди.

Исроил ҳукумати эса Ғазода очарчилик бўлаётганини рад этиб, БМТ агентликларини чегаралардан инсонпарварлик ёрдамини олиб кетмаслик ва аҳолига етказиб бермасликда айбламоқда.

Исроилнинг Ғазо билан уруши бошланганидан бери Италияга 180 дан ортиқ болалар ва катталар олиб келинган.

Ушбу ҳафтада 31 нафар бемор ва уларнинг ҳамроҳлари Рим, Милан ва Пизага етиб борган. Уларнинг барчаси оғир туғма касалликлар, жароҳатлар ёки ампутациялардан азият чекмоқда, дея хабар берди Италия ташқи ишлар вазирлиги.

Шу билан бирга, Британия парламенти аъзолари ҳукуматни Ғазодаги бемор ва ярадор болаларни зудлик билан Буюк Британияга эвакуация қилишга чақирди – бу бош вазир Кир Стармер бундай дастурни яратишга ваъда берганидан бир неча ҳафта ўтгач рўй берди.

Буюк Британия ички ишлар вазирлиги Ғазодан бир неча юзлаб болаларни «тезлаштирилган тартибда» эвакуация қилиш ниятида экани, болалар ва уларни кузатиб борувчилар мамлакатга киришдан олдин биометрик текширувлардан ўтиши кераклигини маълум қилди.

Исроил ҳукумати якшанба кунидан бошлаб Ғазо шаҳри аҳолисини «хавфсиз ҳудудлар»га кўчиришдан олдин чодирлар ва бошқа жиҳозлар билан таъминлашни бошлашини маълум қилди.

Бу баёнот Исроил ҳукумати Ғазо шаҳрига қўшин киритганини эълон қилганидан бир неча кун ўтиб янгради. Ўтган вақт ичида эса шаҳардаги энг катта Зайтун тумани кучли бомбардимон қилинди.

Муниципалитет вакилининг BBC’га маълум қилишича, Зайтундаги вазият «ҳалокатли» – олти кун давом этган узлуксиз ҳаво ҳужумлари, артиллерия зарбалари ва бинолар вайрон қилинишидан кейин аҳоли оммавий кўчишга мажбур бўлмоқда.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шанба куни Исроил зарбалари оқибатида камида 36 киши ҳалок бўлган.

Шунингдек, яна 11 киши тўйиб овқатланмаслик оқибатида вафот этгани айтилмоқда.

Исроил ҳарбийлари «тинч аҳоли орасида зарарни минималлаштириш принципига содиқлиги»ни айтади ва қурбонлар ҳақида Ҳамас назорати остидаги тузилмалар томонидан тақдим этилган маълумотлар ишончлилигини шубҳа остига қўяди.

Исроил ҳукумати Ғазодаги очарчиликни рад этмоқда. У ўз кучлари тинч аҳолига эмас, фақат террорчиларга зарба бераётганини даъво қилмоқда ва гуманитар инқироз учун жавобгарликни Ҳамас зиммасига юкламоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид