Жаҳон | 13:42 / 07.10.2024
7051
9 дақиқада ўқилади

Ғазода уруш бошланган кун, атом бомбасини синагани гумонланаётган Эрон ва Қозоғистондаги референдум — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги геноцидга бир йил

2023 йилнинг 7 октябрида бошланган адолатсиз уруш Ғазо секторини «арвоҳ ҳудуд»га айлантирди ва ўн минглаб одамларнинг ёстиғини қуритди.

Исроил армиясининг денгиз, қуруқлик ва ҳаводан туриб берган ёпирилма зарбалари эксклавнинг кулини кўкка совурди. Улкан вайронгарчиликлар ва моддий зарар келтириб чиқарди.

Бир йил ичида Исроил 3,5 мингдан зиёд оммавий қирғин ўтказиб, ўн минглаб фаластинликлар, асосан аёллар ва болаларни ўлдирди.

Шу пайтгача ҳалок бўлганлар сони 41 минг 870 кишига етган. Уларнинг 11 минг 378 нафари аёллар, 17 мингга яқини ёш болалардир. 97 минг 166 киши яраланган.

Яна 10 мингдан зиёд фаластинликлар бедарак йўқолганлар рўйхатидан ўрин олган. Улар ё бомба таъсирида парчаланиб кетган, ёки вайрон бўлган уйларнинг қолдиқлари остида қолмоқда.

Исроил ўтган бир йил ичида нафақат минглаб фаластинликларни йўқ қилди. Атроф-муҳитга ҳам тиклаб бўлмас зарар етказди. Ҳуманитар кризис ва вайронгарчиликларга сабаб бўлган бомбалашлар чоғида кўплаб тақиқланган усуллар, жумладан, ёндирувчи оқ фосфорлардан ҳам фойдаланилган.

Исроил ҳужумлари чоғида Ғазодаги биноларнинг 54 фоиздан 66 фоизгачаси ёки қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган.

Орадан бир йил ўтган бўлса-да, зарбалар тинмаяпти. 6 октябр куни Ғазонинг шимолий ҳудудларига авиазарбалар берилди. Бу май ойидан буён содир этилган энг йирик бомбалаш бўлди. 30 киши ҳалок бўлгани, ўнлаб инсонлар яралангани айтилмоқда.

Жабалия ва Байт-Лахия шаҳарчаларининг бомбаланишидан сўнг ўликхоналарга ўнлаб фаластинликларнинг жасадлари етказилган.

Жабалиядаги қочқинлар лагерига Исроил ҳарбий техникаси кириб келган ва артиллерия қуролларидан фаластинликларнинг уйлари ўққа тутилган.

Эрон ҳарбий қўмондони қаерда?

Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Қудс» кучлари қўмондони Исмоил Қооний ўтган ҳафтада Исроил авиазарбаси натижасида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилгач, Ливанга борган. Ўтган ҳафтанинг охирида Байрут бўйлаб берилган зарбалардан сўнг у алоқага чиқмаяпти.

Бу ҳақда Reuters агентлигига Эрон махсус хизматларининг икки юқори мартабали вакили хабар берган.

Мулозимлардан бирининг айтишича, Қооний Байрутнинг Даҳия номи билан машҳур жанубий мавзеларидан бирида бўлган. Ўтган жума куни бу ерда “Ҳизбуллоҳ”нинг юқори мартабали етакчиларидан бири Ҳошим Сафиуддин ўлдирилган эди. Бироқ мулозим Қооний Сафиуддин билан учрашиш ниятида бўлмаганини таъкидлаб ўтган.

Мулозимга кўра, ўшандан буён Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» Қооний билан алоқа ўрната олмаяпти.

Иккинчи мулозим ҳам Қооний Насруллоҳнинг ўлимидан сўнг Ливанга йўл олгани ва Ҳошим Сафиуддин ўлдирилгач, у билан алоқа ўрнатиб бўлмаётганини айтган.

«Ҳизбуллоҳ» ҳозиргача Сафиуддин билан боғлиқ вазиятни изоҳлагани йўқ.

Бу орада Эрон Ислом Республикаси қуролли кучлари олий бош қўмондони оятуллоҳ Али Хоминаий Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳаво космик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизодани Фатх (Ғалаба) медали билан тақдирлаган.

Бу мукофот «Ҳаққоний ваъда» операцияси доирасида Исроилга ҳаводан берилган муваффақиятли зарба учун тақдим этилган.

Эрон атом бомбасини синадими?

Эронда рўй берган сирли зилзила ядровий қурол синови бўлиши мумкин. Ўмонлик профессор Ҳамуд ал-Нуфли Х ижтимоий тармоғида бу ҳақда шундай ёзди:

«Эрон шу кунларда ядровий қуроли борлигини эълон қилиши мумкин. Бу ғарб давлатлари ва Исроилда катта шок келтириб чиқаради».

Рихтер шкаласи бўйича 4,4 балли зилзила 5 октябр куни кечқурун Симнон вилоятида қайд этилган. Эрон оммавий ахборот воситалари ҳам ҳодиса ҳақида хабар беришган. Бироқ қўшни Арманистондаги геологик хизмат одатий зилзилалар учун хос бўлган такрорий тебранишлар — афтершоклар содир бўлмаганига эътибор қаратган. Бу эса бир марталик кучли портлашдан дарак беради.

Тақдим этилган суратларда тўртта давлатда атом бомбаси ва зилзила ўртасидаги фарқ яққол кўрсатилган.

Эронда содир бўлган зилзиланинг сейсмографик нақши ҳам атом бомбаси синовиникига ўхшаш. Айниқса, Покистонда синалган ядровий бомбаникини бирга бир такрорлайди.

Табиий зилзила графиги кичикроқ интенсивликда бошланади ва максимумга эришиб, секин-аста пасая бошлайди. Бироқ атом бомбаси чақирган зилзила бундай эмас: у бирдан максимумга эришади ва тезда сўна бошлайди.

Шундай қилиб, Арманистон томонидан қайд этилган маълумотлар ўтган куни тунда ўз атом бомбасининг дастлабки «қайноқ» синовини амалга оширганини тасдиқлаши мумкин.

Украинага ёрдам

Нидерландия Украинага ваъда қилинган дастлабки F-16 қирувчи самолётларини етказиб берганини тасдиқлади. Бу ҳақда якшанба куни Украинага сафар қилган Нидерландия мудофаа вазири Рубен Брекелманс шахсан ўзи хабар берган.

У Украина қуролли кучлари айнан нечта самолётни қабул қилиб олганига аниқлик киритмаган, бироқ ваъда қилинган 24 та самолётнинг қолганлари «келгуси ойлар ичида етказилиши»ни айтиб ўтган.

«Бу шошилинч тарзда зарурият эди. Мен Харкивда Россия авиазарбаларидан кейинги вайронларни кўрдим ва доим ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сигналларини ўз қулоғим билан эшитдим», — деган Брекелманс.

Унинг қўшимча қилишича, Нидерландия Украина армиясини замонавий кузатув, мудофаа ва ҳужум дронлари билан таъминлаш дастурига 400 млн евро ажратади. «Уларнинг ярми Нидерландияда ишлаб чиқарилади», — деган вазир.

Июл ойининг охирларида Британиянинг Times нашри аноним манбаларга таяниб, Украина қуролли кучлари аллақачон Нидерландиядан 6 та F-16 самолётини қабул қилиб олганини ёзган эди.

Times маълумотларига кўра, йил якунигача Украина 20 тача F-16 қирувчи самолётларини қабул қилиб олади. Бу самолётларни жумладан Белгия ва Норвегия ҳам етказиб беради.

Август ойининг охирларида ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган F-16 лардан бири қулаб тушган эди. Ўшанда украиналик машҳур учувчи Олексий Мес ҳалок бўлганди.

Қозоғистонда АЭС қурилиши маъқулланди

Кеча, 6 октябр, якшанба куни Қозоғистон фуқаролари умуммиллий референдумда мамлакатда ва бутун Марказий Осиёда биринчи атом электр станциясини қуриш учун овоз берди.

КТК телеканали томонидан 6 октябр, якшанба куни эълон қилинган овоз беришдан кейинги учта экзитпол натижаларига кўра, сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватлашган.

Сайлов комиссияси расмий натижаларни 7 октябр, душанба куни эълон қилишни режалаштирмоқда. Комиссия маълумотларига кўра, референдумда иштирок этганлар тахминан 64 фоизни ташкил қилган.

Референдумда қатнашган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев атом электр станциясини қуриш режасини «мустақил Қозоғистон тарихидаги энг йирик лойиҳа» деб атади. У атом электр станцияси «энг замонавий технологияларга эга глобал компаниялар консорциуми» томонидан қурилишини ёқлаб чиқди. Франция, Россия, Хитой ва Жанубий Корея компаниялари атом электр станцияларини қуриш бўйича шартнома тузиш учун курашмоқда.

Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран қазиб олувчиси, аммо электр қуввати тақчиллигидан азият чекмоқда. Мамлакат атом электр станцияси қуриш билан бу вазиятни ўзгартиришни мақсад қилган.

Айни пайтда кўплаб экологлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва фуқаролик фаоллари АЭС қурилишига қарши. Улар келгусида станцияни фойдаланишдан чиқариш учун катта миқдорда маблағ талаб қилинишини таъкидламоқда. Бундан ташқари, улар АЭС қуриш ғояси Қозоғистон расмийлари томонидан фақат Россия манфаатларини кўзлаб илгари сурилаётганидан хавотирда.

Атом энергетикаси мухолифларини беқарор Балхаш кўли бўйида АЭС қуриш режалари ҳам ташвишга солмоқда. Уларнинг таъкидлашича, авария юз берган тақдирда мамлакат аҳолиси зич жойлашган ҳудуднинг салмоқли қисми радиоактив ифлосланишга дучор бўлади.

Мавзуга оид