Ўзбекистон | 11:41 / 18.09.2025
3217
3 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропорти учиб келиш терминалида 2 қаторли автомобил йўлаги ташкил этилади

Биринчи қатор фақат туристик автобуслар ва аэропортнинг расмий таксилари, иккинчиси эса бошқалар учун бўлади. Терминал яқинидаги автотураргоҳ сиғими кенгаяди.

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш терминали ва унга туташ ҳудудни реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда. Ўзгаришлар, биринчи навбатда, йўловчилар ва уларни кутиб олувчилар учун янада қулай шароит яратиш, шунингдек, такси хизматлари кўрсатишни тартибга солишга қаратилган.

Лойиҳада бино фасадини кенгайтириш билан бир қаторда, қўшимча автомобиллар учун йўл қуриш ҳам кўзда тутилган. Биринчи қатордаги (ҳозирда мавжуд) йўл фақат туристик автобуслар ва аэропортнинг расмий таксилари кириши учун мўлжалланган. Бу йўлак фақат премиум сегментидаги автомобиллар учун эмас. Бир нечта лицензияланган такси операторлари кимошди савдоси орқали такси хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Улар ўз навбатида йўловчиларга турли нарх тоифаларида - бюджет, комфорт ва бизнес-классгача такси хизматларини тақдим этиши кўзда тутилган. Ушбу ёндашув такси хизматлари учун адолатли муҳитни яратишга ёрдам беради ва йўловчилар учун саёҳатларни арзонлаштиради.

Иккинчи қатордаги автомобил йўлаги эса кутиб олувчилар ва такси агрегаторлари автомобиллари учун очиқ бўлади. Тирбандликлар олдини олиш учун вақт чегараси жорий этилади: йўлакда 10 дақиқадан кўпроқ вақт давомида тўхташ мумкин бўлмайди. Назоратни амалга ошириш учун йўлакка Ички ишлар вазирлиги тизими билан интеграциялашган видеокузатув камералари ўрнатилади. Бу камералар йўлакда туриш муддатининг ошиб кетишини қайд этади ва қоидабузарга автоматик равишда жарима юборади. Учиб кетиш терминалидаги автомобиллар йўлаги ҳам худди шундай тизимда ишлайди.

"Учиб келиш ҳудудидаги бугунги вазиятни қониқарли деб бўлмайди: исталганча ташлаб кетилган автомобиллар, ноқонуний ташувчилар ва доимий тирбандлик йўловчилар ва уларни кутиб олувчилар учун жиддий ноқулайликлар туғдирмоқда. Биз буни тан оламиз ва ўз навбатида вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўрмоқдамиз. Биз, тартибни тиклаш, транспорт оқимини назорат қилиш ва хизмат кўрсатиш шароитларини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Мазкур ўзгаришлар аэропортнинг пойтахт аҳолиси учун ҳам, хорижлик меҳмонлар учун ҳам қулай ва хавфсиз бўлишига олиб келади”, - дея изоҳ берди Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати.

Реконструкция ишлари аэропорт фаолияти тўхтатилмасдан амалга оширилаётгани сабабли жараён икки босқичга бўлинган. Биринчи босқичда жорий йилнинг октябр ойи охирига қадар автомобиллар йўлаги ва 330 та автомобилга мўлжалланган, жумладан, тез қувватлантириш шохобчалари жойлашган автотураргоҳ фойдаланишга топширилади. Иккинчи босқичда учиб кетиш ҳамда учиб келиш терминалларини бирлаштириш ва қурилиш техникаси кириши учун қолдирилган йўлак ҳисобига кириш йўлларини кенгайтириш ва узайтириш режалаштирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид