Ўзбекистон | 12:58 / 02.06.2026
2532
2 дақиқада ўқилади

Президент замонавий қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш корхонасини кўздан кечирди

Президент Шавкат Мирзиёев “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида фаолият юритаётган Kmita Polymers корхонасига ташриф буюриб, замонавий қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди. Корхонада маҳаллий ва экспорт бозорлари учун полимер ҳамда термоқисқарувчи плёнкалар ишлаб чиқарилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Россиянинг Polymers компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур корхона махсус ва кенг ассортиментдаги полиэтилен плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона 6 минг 670 квадрат метр майдонда жойлашган бўлиб, Италиянинг замонавий технологик ускуналари билан жиҳозланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 15,2 миллион долларга тенг. Биринчи босқичда 7,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган. Корхона ишга туширилиши натижасида йилига 9,5 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

Бу ерда 50 та янги иш ўрни ташкил этилган. Кейинги босқичларда иш ўринлари сонини янада кўпайтириш режалаштирилган.

2025 йилда корхона томонидан 115 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, 6 миллион долларлик маҳсулот Марказий Осиё давлатларига экспорт қилинган.

Таъкидланганидек, қадоқлаш индустрияси озиқ-овқат, қурилиш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларнинг узлуксиз фаолияти учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бу каби юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мамлакат саноати ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид