Ўзбекистон | 10:07 / 03.04.2026
2475
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий валютада 1 млрд доллар эквивалентидаги облигацияларни 12,25 фоиз ставкада жойлаштирди

Ўзбекистон ҳукумати бюджет тақчиллигини қоплаш учун халқаро молия бозорига навбатдаги суверен облигацияларини жойлаштирди. 1 млрд доллар эквивалентида миллий валютада олинган қарзлар ставкаси бу гал анча паст – 12,25 фоизни ташкил этди. Таққослаш учун, сўмдаги 3 йиллик евробондлар 2024 йилда 16,6 фоиз, 2025 йилда 15,5 фоизга жойлаштирилган эди.

Фото: Kun.uz

1 апрел куни Ўзбекистон Республикаси 1 млрд АҚШ доллари эквивалентида ўзининг энг йирик ҳажмдаги миллий валютадаги суверен халқаро облигацияларини жаҳон молия бозорларида тарихий энг паст фоиз ставка – 12,25 фоизда жойлаштиришга эришди, деб хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Таққослаш учун, миллий валютада чиқарилган 3 йиллик Ўзбекистон халқаро облигациялари бўйича фоиз ставкаси 2024 йилда – 16,625 фоизни (3 трлн сўм), 2025 йилда – 15,5 фоизни (6 трлн сўм) ташкил этган.

ИМВ хабарига кўра, 2026 йил 1 апрел куни АҚШ, Европа, Буюк Британия, Осиё ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларининг 32 та йирик халқаро инвесторлари иштирокидаги глобал аудиоконференциядан кейин, Ўзбекистоннинг сўмдаги халқаро облигацияларини харид қилиш учун 50 га яқин хорижий инвестордан жами 23,4 трлн сўмлик (дастлабки эълонга нисбатан 4 баравар кўп) буюртмалар 12,5 фоиз даражасида келиб тушган.

Халқаро инвесторлар томонидан билдирилган юқори қизиқиш натижасида 1 млрд доллар эквивалентида (12,2 трлн сўм) миқдоридаги 3 йиллик суверен халқаро облигациялар 12,25 фоиз ставкасида (ички молия бозорига нисбатан ўрта ҳисобда 14 базис пункт паст) жойлаштирилган.

Олинган қарз 2026 йилги давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг сўмдаги ушбу суверен халқаро облигациялари Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасида сўнгги 15 йил ичидаги миллий валютадаги энг йирик транзакция бўлган.

Бу облигациялар “GBI – EM” (The Government Bond – Emerging Market Index) индексига киритилиши кўриб чиқилмоқда. Халқаро облигацияларнинг мазкур индексга киритилиши 300 млрд долларга тенг активларни бошқарадиган янги инвесторларни жалб этиш ва келгусида фоиз ставкаларини янада пасайтириш имконини беради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид