Ўзбекистон | 15:04 / 29.07.2023
10701
5 дақиқада ўқилади

Манба: Бухоро ва Сурхондарёда минглаб дарахтлар кесилишини кўзда тутувчи лойиҳалар ўзгартирилади

Автомобил йўллари қўмитасига яшилликка зарар келтирмаган ҳолда лойиҳани қайта ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Энди дарахтларга тегилмайди, деди Kun.uz'нинг ҳукуматдаги манбаси.

Фото: KUN.UZ

Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида режаланган йўл қурилишлари сабаб 50 мингдан ортиқ дарахтлар ва буталарнинг кесилишини назарда тутувчи лойиҳалар ўзгартирилади.

Ҳукуматдаги манбанинг Kun.uz'га маълум қилишича, Автомобил йўллари қўмитасига яшилликка зарар етказмаган ҳолда лойиҳаларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш юклатилган. “Энди дарахтларга тегилмайди”, деди у.

27 июл куни ҳукуматда шундай масала кўриб чиқилаётганини Экология вазирлиги тасдиқлаган эди. Вазирнинг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов матбуот анжуманида Kun.uz мухбири саволига жавобан вазирлик бунга қарши турганини айтганди.

“Биз қаршилик билдиришдан ташқари, тегишли органларга ёзма тарзда ҳам мурожаат қилганмиз. Тез орада Сурхондарё ва Бухорода жамоатчилик эшитувини ташкил қиламиз. Шундан сўнггина қарор қабул қилинади”, – деганди у.

28 июл куни Экология вазирлиги ҳолат юзасидан батафсил маълумот берди.

“2023 йил 6 июл куни Бухоро вилояти ҳокимлиги А-380 автомобил йўлининг 150-228 км узунликдаги “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини тасдиқлаш учун Экология вазирлигига юборган. Лойиҳада 31 минг 371 та дарахт ва буталарни яқин атрофдаги бўш жойларга кўчириб ўтқазиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 7 июл куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан 4Р-100 “Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобил йўлининг 128-174 км ва 4Р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобил йўлининг 5-70 км қисмларини реконструкция қилиш лойиҳаси юзасидан 21 минг 803 дона дарахтни белгиланган тартибда кўчириб ўтқазишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган.

Маълумот учун: Бош вазир ўринбосари Ж.А.Хўжаев томонидан имзоланган Ҳукумат комиссиясининг 2023 йил 21 июлдаги 58-сон баённомасига мувофиқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига бир ҳафта муддатда дарахтларни атроф-муҳитга зарар етказмасдан кўчириш бўйича Ҳукумат комиссиясига хулоса бериш ва тегишли таклифлар киритиш топширилган.

Бир қатор нашрларда Ҳукумат комиссиясининг баённомасига ҳавола қилинган маълумотлар (“...52 минг дарахт кесиш кўрсатмаси”, “Аномал иссиқда 70 мингга яқин дарахт кесилиши”, “Абдуҳакимовга 53 минг 174 туп дарахтни ўлдиришга хулоса бериш топширилган”) тўғри эмас. Ҳукумат комиссиясининг 2023 йил 21 июлдаги 58-сонли баённомасига тўғридан тўғри таяниб (бу ҳақда журналистлар ва блогерларнинг ўзлари айтиб ўтган) таъкидлаймизки, ушбу ҳужжатда дарахтларни кесиш ҳақида бирорта ҳам сўз, шунингдек, бундай иссиқ мавсумда яшил майдонлар билан бирон бир чора кўриш бўйича кўрсатмалар йўқ.

Таъкидлаш жоизки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу мурожаатларга жавобан ўсимлик дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилиши, шунингдек, республикамиз бўйлаб кузатилаётган чанг-тўзон ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда ушбу дарахт ва буталарнинг ўрни муҳим эканини эслатган ҳолда рад жавобини берган (вазирлик хатларнинг нусхаларини илова қилди – таҳр.).

Ҳокимликларга юборилган расмий жавоблардан сўнг Бухоро вилоятидан қурилиш компанияси вакиллари вазирликка ташриф буюриб, дарахт ва буталарга зарар етказмаган ҳолда лойиҳага ўзгартиришлар киритишлари ҳақида маълумот беришган”, – дейилган муносабатда.

Вазирлик дарахтларни кесиш ёки кўчат ўтқазиш масалалари бўйича ОАВ ва жамоатчилик фаоллари, шунингдек, маҳаллий аҳоли иштирокида “жамоатчилик муҳокамаси” ташкил этиш орқали бундай мурожаатларни кўриб чиқишнинг янги механизми жорий этилганини қайд этган.

“Турли инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишда бундай сўровлар етарлича учраб туришини таъкидлаш лозим. Табиийки, лойиҳа ташаббускорлари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таклиф билдирса, ўз навбатида Экология вазирлиги ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий мувозанатни сақлаш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз хулосасини беради.

Шу билан бирга, вазирлик оммавий ахборот воситалари вакилларининг дарахтларни асраш ва экологик мувозанатни сақлаш борасидаги фаол позицияси учун миннатдорлик билдиради”, – дея таъкидлаган Экология вазирлиги.

Мавзуга оид