Ўзбекистон | 10:01
1381
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди

Бухоро вилоятида коррупция билан боғлиқ навбатдаги жиноят фош этилди. Когон тумани ҳокими ўринбосари фермерга сув масаласини ҳал қилиб бериш эвазига пора талаб қилиб, пулни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Маълум қилинишича, Когон тумани ҳокими ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тамагирлик йўли билан 12 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда прокуратура органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Тергов маълумотларига кўра, Бухоро туманида шартнома асосида деҳқончилик фаолияти билан шуғулланувчи фермер “Қум Султон” массивида жойлашган экин майдонларини сув билан таъминлашда муаммога дуч келган. Сабаб сифатида Когон тумани ҳудуди орқали келадиган сувнинг тўхтатиб қўйилгани кўрсатилган.

Фермер мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича ёрдам сўраб туман ҳокими ўринбосарига мурожаат қилган. Мансабдор шахс эса сувни очиб беришини ва келгусида бу борада муаммо бўлмаслигини айтиб, эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

У 12 минг доллар миқдоридаги пул маблағини олаётган вақтида тезкор тадбир давомида ушланган.

Ҳозирда туман ҳокими ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “б”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид