Ўзбекистон | 15:52 / 17.10.2024
15794
3 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли уйлар совиб қолди – иситиш мавсуми қачон бошланади?

13 октябрдан Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига Урал ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келди. Марказлашган иссиқлик тармоғига уланган кўп қаватли уйлар эса совиб қолди. Қонунчиликка мувофиқ, суткалик ҳарорат 5 кун давомида кетма-кет 8 градусдан паст бўлгандан кейин иситиш мавсуми бошланиши керак. Хўш, бу йил куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти қачон бошланади?  

Фото: Kun.uz

13 октябрдан Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига Урал (Россия) ҳудудидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келди. Ҳарорат кечалари +3...+8 даражагача, шимолий ҳудудларда -0...-2 даражагача пасайди, кундуз кунлари +13...+18 даражадан юқори бўлмади.  

Совуқ тушиши билан кўп квартирали уйлар анча совиб қолди. Қурилиш, уй-жой коммунал вазирлиги матбуот хизмати қонунчиликка мувофиқ суткалик ҳарорат 8 градусдан паст бўлганда иситиш мавсуми бошланишини маълум қилди.  

“Вазирлар Маҳкамасининг коммунал хизматлар кўрсатишни тасдиқлаш тўғрисидаги қарорига кўра хонадонларни иситиш эҳтиёжларига асосан иссиқлик энергиясини беришда иситиш даври Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва туманлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошланади ва тамомланади. Иситиш даври ташқи ҳароратнинг ўртача суткалик ҳарорати 5 кунлик давр мобайнида 8 градусдан паст бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8 градусдан юқори бўлганда эса тамомланиши белгиланган. Иситиш мавсумининг тугатилиши ёки бошланиши борасида ҳудудий ҳокимликлар гидрометеорология хизмати маркази маълумотларига таянади”, - дейилади расмий хабарда.  

Veolia Energy Tashkent эса гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотларига асосан Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарори чиқиши билан иситиш таъминоти ёқилишини маълум қилди.  

Хўш суткалик ҳарорат яқин кунларда 8 градусдан пасаядими? Ўзгидромет матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ташқи ҳароратнинг суткалик 8 градусдан паст бўлиши яқин бир ҳафта ичида кузатилмайди.  

“Республика ҳудудига ҳафта охирида илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутиляпти. Совуқ антициклонлар кириб келишини уч, беш кун ва бир ҳафта олдиндан прогноз қиламиз. Ҳозирча совуқ антициклонлар кириб келиши борасида прогнозлар йўқ, - дейилади агентлик берган маълумотда.  

Ўзгидромет ҳафта бошида эълон қилган хабарда пайшанба ва жума кунлари (17-18 октябр кунлари) антициклон шарққа томон силжиши, бу кунларда Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик ёғиши эҳтимоли камлиги айтилган. “Ҳаво ҳарорати кечалари +3...+8 даража атрофида бўлиши сақланиб туради, жума кунига бориб кундуз куни +17...+22 даражагача кўтарилади”, - дейилганди расмий хабарда.  

Янги об-ҳаво прогнозида эса пойтахтда ҳарорат 19 октябрда кечаси 5-10°, кундузи 20-25°, 20 октябрда кечаси 7-12°, кундузи 23-28°, 21 октябрда кечаси 10-15°, кундузи 20-25° бўлиши маълум қилинган.

Мавзуга оид