Ўзбекистон | 19:30 / 11.02.2020
11918
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев янги тузиладиган Жамоатчилик палатасининг вазифаларини белгилаб берди

Президент Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи янги давлат органи ва Жамоатчилик палатасини ташкил этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Президент матбуот хизмати таъкидича, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритаётган бўлса-да, уларнинг ўрни ва фаоллиги сезилмаяпти.

«Чунки бу ташкилотлар манфаатларини ифода этувчи, давлат билан кўприк вазифасини бажарувчи яхлит тизим йўқ.

Ҳозирда жамоатчилик билан ишлаш тизими жойларда ва соҳаларда халқимизни қийнаётган масалаларни давлат миқёсига олиб чиқиб, ҳал қилишда натижа кўрсата олмаяпти. Кўп нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти расмиятчиликдан иборат бўлиб қолмоқда.

«Маҳалла», «Нуроний», Хотин-қизлар қўмитаси каби йирик бирлашмалардан халқимиз қандай наф кўряпти, улар ҳаётимиздаги қайси ўткир масалани кўтариб, ҳал қилишга эришди, деган саволга, афсуски, ижобий жавоб йўқ», – дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Олий Мажлисга мурожаатномасида жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Жамоатчилик палатаси ташкил этиш таклифини билдирган эди.

Бугун йиғилишда ушбу палатанинг асосий вазифалари, ташкилий жиҳатлари ҳам муҳокама қилинган.

«Жамоатчилик палатаси аҳоли фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориши, уларнинг ечимини топиш бўйича давлат идоралари олдига аниқ вазифаларни қўйиши зарурлиги таъкидланди. «Жамоатчилик эшитуви», «жамоатчилик мониторинги», «жамоатчилик экспертизаси», «жамоатчилик ташаббуси» каби таъсирчан назорат шаклларини ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини жонлантириш, уларга ҳар томонлама услубий кўмак бериш ҳам янги палата фаолиятининг муҳим йўналишларидан бўлади.

Шу каби вазифалардан келиб чиқиб, Жамоатчилик палатасининг ташкилий-ҳуқуқий асосини яратиш, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича 2020-2021 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини такомиллаштириш, жамият ҳаётига оид муаммоларни ўрганиш ва самарали ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига грантлар ажратиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид