Жаҳон | 08:38 / 01.12.2025
3521
3 дақиқада ўқилади

Трамп урушни тўхтатиш бўйича келишув имкониятини “яхши” деб баҳолади

Флоридада АҚШ ва Украина вакиллари учрашувидан сўнг Доналд Трамп Киев олдида «айрим мураккаб кичик муаммолар» борлигини айтди, аммо шу билан бирга у урушни тугатиш учун келишувга эришишда «яхши имконият» кўраётганини таъкидлади.

Фото: Alex Brandon/AP

АҚШ президенти Дональд Трамп якшанба куни, 30 ноябрда, Флоридада АҚШ ва Украина делегациялари ўртасида ўтган музокаралардан сўнг Украинадаги урушни тугатиш бўйича келишув тузиш истиқболларига нисбатан оптимистик фикр билдирди.

Оқ уй раҳбари президентлик самолёти Air Force One бортида журналистлар билан гаплашар экан, Украинада «айрим мураккаб кичик муаммолар» мавжудлигини айтди ва украин давлат компанияси «Энергоатом» атрофидаги коррупция можароси мамлакатга «ёрдам бермаётгани»ни қайд этди. Трампдан журналист тинчлик музокараларига бу ҳолат таъсир қиладими, деб сўраганида, у тўғридан тўғри жавоб бермади, бироз вақт ўтиб эса қўшимча қилди: «Менимча, келишув тузишимиз мумкинлигига яхши имконият бор».

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШдаги музокараларда Украина делегациясига бошчилик қилган Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (СНБО) котиби Рустем Умеровдан ҳисобот олгач, учрашувни ижобий руҳда изоҳлади.

«Муҳими шундаки, музокараларда конструктив динамика бор ва барча масалалар Украина суверенитети ва миллий манфаатларини таъминлашга қаратилган ҳолда очиқ муҳокама қилинди. Қўшма Штатларга, президент Трамп гуруҳига ва шахсан унга урушни тугатиш бўйича қадамларни белгилашга жонкуярлик билан вақт сарфлаётгани учун миннатдорман. Биз ишни давом эттирамиз», — деб ёзди Володимир Зеленский ижтимоий тармоқларда.

Москва ва Киев ўртасида эҳтимолий тинчлик келишуви шартларини муҳокама қилишга бағишланган АҚШ ва Украина делегациялари учрашуви 30 ноябр куни Флорида штатидаги Shell Bay голф-клуби ҳудудида бўлиб ўтди. Ушбу клуб АҚШ президентининг махсус элчиси Стивен Уиткоффга тегишли. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, музокараларда, жумладан, ҳудудий масалалар, Украинада сайловлар ўтказиш муддатлари ва бошқа мураккаб жиҳатлар муҳокама қилинган.

Музокараларда иштирок этган АҚШ давлат котиби Марко Рубио уларнинг натижасини «жуда самарали» деб баҳолади, бироқ Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш учун яна кўп иш қилиш кераклигини ва РФ «тенглама қисмларидан бири»га айланиши лозимлигини таъкидлади. «Биз Украинага хавфсизликни абадий таъминлашга ёрдам беришни истаймиз. Ва шунчаки эмас — биз у ерда ҳақиқий фаровонликнинг янги даври бошланишини ҳам истаймиз», — деди Давлат департаменти раҳбари.

Умеров эса ўз навбатида шундай деди: «Тинчликка эришиш ва позицияларимизни америкалик шерикларникига яқинлаштириш йўлида сезиларли силжишлар бор». Унинг таъкидлашича, «АҚШ Киевни жуда кучли тарзда қўллаб-қувватлаб келмоқда».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид