Ўзбекистон | 16:41 / 18.01.2023
14092
4 дақиқада ўқилади

12 минг тонна қум-туз, ярим тунгача иш  – йўллар қордан қандай тозаланяпти?

10 январь куни ёғган қор транспортлар ва пиёдалар қатновини қийинлаштирди. Бундай вазиятда -20 даража совуқда ҳам кун бўйи қор супурган, музларни синдириб кўчаларни тозалаётган ободонлаштириш ходимларининг ўрни бўлакча. Kun.uz қишнинг кўк нимчали жонкуярларига микрофон тутди.

Чиндан ҳам пойтахт 10 йилдан бери кўп миқдорда ёғган қорни кўрмаганди. Бу транспортлар ва пиёдалар қатновини секинлаштирди. Вазиятни ободонлаштириш ходимларининг меҳнати оз бўлса-да яхшилади десак хато бўлмайди. Йўлларни қордан тозалаш ишлари қандай кетаётгани ҳақида Миробод тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғофурхўжа Жонхўжаев гапириб берди. Унинг айтишича, тумандаги йўлларни эритиш учун 400 тонна қум, 250 тонна туз сепиб чиқилган. Яна тахминан 200 тонна аралашма тайёрланяпти. Агар мана шу сепилган туз ва қумлар вақтида йиғиштириб олинмаса, ер қуригач, тепага кўтарилиб, дарахтларни қуритади. Одамларда аллергияни келтириб чиқаради.

«Ҳозир Нукус кўчасида жойлашган яшил майдон ва ариқларни тозалаймиз. Бу ариқлардаги қорни кўчириб чиқариб олмасак, йўлдан оқиб келган сув яшил майдонга тушади. Бу эриган сувда жуда ҳам кўп туз бор. Шу туз яшил майдон, дарахтлар ва гуллар қуришига олиб келади. Шунинг учун кечки сменада ҳам ишлаяпмиз. Ҳозир асосан сув кетадиган латокларни очиб олишимиз керак”, – дейди Жонхўжаев.

Ободонлаштириш ходими бундай қорни 7-8 йилдан бери кўрмаганини айтади.

«Анча вақтдан бери қор ёғмай келаётганди. Шунинг учун бунақа қорни кутмагандик ва жуда кучли тайёргарлик кўрмагандик, ҳақиқатан қийналиб қолдик. Захираларимизни ҳам етказа олмадик. Ҳокимлик етказиб, қарашиб турди», – дейди у.

Қордан тозалаш қандай тартибда ташкил қилинганини туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Достон Аҳмедов тушунтириб берди.

«Катта йўллар ва пиёдалар юрадиган йўлларни тозалаб боряпмиз. Миробод туманида 3 сменали: 7:00–15:00, 12:00– 20:00, ва 17:00дан тонгги 5гача иш ташкил қилганмиз. Биринчи қор ёғган вақти қор кураб тозалаб олинади. Кўп қор ёғганида тозалашга улгурмасак, қум-туз аралашмаси сепилиб, сал юмшагандан кейин кураб олиб чиқиб ташланади», – дейди ходим.

Аҳмедовнинг айтишича, йиғилган тоза қорлар, сув ҳавзалари оқиб кетадиган жойга, музлаган тузли қорлар Ўртасаройдаги чиқиндихонага олиб бориб ташланади.

Ишчиларнинг айтишича, -20 даражадан ўтган кунлари кечқурун ҳам ишлашга тўғри келган.

«Совуқда ҳокимият томонидан қўлқоп этиклар, иссиқ овқат ҳам бериб туришибди. Ўзим 1 йилдан бери шу ерда ишлайман. Иш вақтим эрталаб 8дан бошланади. 1 млн 800 минг ойлик оламан. Бу ўзимга етиб турибди», – дейди ободонлаштириш ходими Умринисо Мирсаидова.

Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг Кun.uz’га маълумот беришича, пойтахт кўчаларидаги музламаларни эритиш учун туз ва қум аралашмаси сепиб чиқиляпти. Шундай аралашмадан ҳозиргача 12 минг тоннадан ортиқ сепилган. Қорларни тозалаш учун 200га яқин махсус техникалар, 5200дан ортиқ ишчи ходимлар сафарбар қилинган.

Ғофурхўжа Жонхўжаев шундай совуқ кунларда ҳомийлар кўпайиб қолгани ва ходимларга егуликлар тарқатишгани ишчилар жонига ора кираётганини таъкидлади.

«Қўлимда 520 нафар одамим бор. Туман ҳокимлиги томонидан 70-80 фоизи иссиқ овқат қилиб беришяпти. Ундан ташқари ҳомийлар ҳам келади. Кечқурун 2гача ишлаяпмиз. Кеча бир оила 20 нафар одамга ўзлари овқат тайёрлаб олиб келиб беришди. Кечаси 12да ҳамма ҳам бунақа нарса қилиб келмаса керак», – дейди у.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Оператор ва монтаж устаси – Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид