Ўзбекистон | 10:30 / 10.11.2020
47278
6 дақиқада ўқилади

Бош прокурор банкдаги ноқонуний схема ва «ўйин»ларни танқид қилди. Банк раҳбарлари бунга муносабат билдиришди

Ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари, йирик банклар раислари ушбу масалага муносабат қилди.

7 ноябрь куни ўтказилган коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда банк тизимида маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари танқид остига олинган.

«Мамлакат иқтисодий тараққиётида банклар фаолияти, таъбир жоиз бўлса, ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Лекин барча банклар мутасаддилари ҳали ислоҳотлар мазмунини тушуниб етмаган кўринади. Аксинча, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса кредит ажратишда суиистеъмолчилик, тамагирлик ва маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари одат тусига айланиб қолган», — деди бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.

Йўлдошевнинг маълум қилишича, сўнгги икки йилда коррупция ва мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликка тортилган 166 нафар банк амалдорининг 13 нафари «Ипотека банк», 25 нафари «Миллий банк», 26 нафари «Микрокредитбанк», 38 нафари «Агробанк» ва 49 нафари «Халқ банки» ходими бўлган.

«Аҳолининг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари банклар орқали ажратилмоқда. Лекин бундай маблағлар ҳақиқий эгаларга етиб бормай, айрим банк мансабдор шахсларининг ўлжасига айланмоқда. Биргина «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит банк мансабдор шахслари томонидан очиқчасига талон-торож қилинган. Масалан, «Миллий банк»нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Раҳматуллаев ва кассир Жумабоева 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, 378 миллион сўмни шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган. Умуман 85 миллиард сўм маблағ банкирлар томонидан бевосита талон-торож қилинган», — деди Йўлдошев.

Бош прокурорга кўра, кредит ажратиш ва унинг сарфланишини мониторинг қилиш борасидаги суиистеъмолчилик ва кўзбўямачиликлар 42 миллиард сўм кредитнинг мақсадсиз ишлатилишига олиб келган. Банклар фаолиятига турли аралашувларни чеклаш мақсадида уларни текшириш амалиёти кескин қисқарган. Маълумот алмашинувида ҳам банк сирига оид ҳужжатлар талабларига тўлиқ риоя қилинмоқда.

«Яратилган бундай қулайлик ва шароит коррупцияни бартараф этишга хизмат қилиши керак эмасми? Амалда эса бунинг акси кузатилмоқда. Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларига ўта лоқайд ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлишмоқда. Жумладан, улар томонидан сўнгги икки йилда тижорат банкларининг 360 филиалида ўтказилган текширишлар натижаси бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига бирорта ҳам материал юборилмаган. Ваҳоланки, ушбу даврда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар банк мансабдор шахслари томонидан содир этилган 100дан ортиқ жиноятни аниқлаган. Марказий банк ва унинг қуйи тармоқлари банкларда юз бераётган «ўйинлар» ва ноқонуний схемалардан бехабарми? Ёки уларни аниқлашга малака ва тажриба етишмайдими? Ёхуд бунинг бошқа сабаблари борми?» — дея қўшимча қилди Йўлдошев.

Фарҳод Саломов

Танқидий руҳда ўтган йиғилиш иштирокчилари — «Халқ банки», «Ипотека банк» ва «Агробанк» раҳбарлари Ниғматилла Йўлдошевнинг танқидларига муносабат қилишди. Хусусан, «Халқ банки» бошқарув раиси Фарҳод Саломов 49 нафар банк ходимининг коррупциявий жиноятга қўл уришини қуйидагича изоҳлади.

«Бунга пенсия тарқатувчи ходимларимизнинг масъулиятни ҳис этмаслиги сабаб бўлган. Жиноятларни содир этилишига имкон берган шароитларни ўрганиб чиқиб, ички назорат тизимини қайта кўриб чиққанмиз. Кредитлаш тизимида назорат суст эканини аниқладик, буни янада кучайтириш устида ишлаяпмиз», — деди у.

Рустам Маматқулов

«Агробанк» бошқарув раиси Рустам Маматқулов ҳам муносабат билдирди.

«Асосий масала кредит ажратишда қонун бузилиш ҳолатлари юз беряпти. Шунинг учун инсон омилини камайтириб, кредитни онлайн ажратишни тарғиб этяпмиз. Шунингдек, андеррайтинг тизимини йўлга қўйишни ўрганяпмиз. Икки йилда 103 мингдан кўп фуқарога кредит ажратганмиз. Ҳажм катта, штатларни кенгайтирдик», — деди у.

Шуҳрат Отабоев

«Ипотека банк» раиси Шуҳрат Отабоев Қорақалпоқ филиалида 103 миллион сўмни кирим қилмай, талон-торож қилингани ҳолатига изоҳ берди.

«Минг афсуски, шундай ҳолат учраб турибди», — деди ва унинг сўзларини бош прокурор тўхтатди. Ниғматилла Йўлдошев масалага Марказий банк раиси ўринбосарининг муносабати сўради.  

«Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича Марказий банк томонидан йўл харитаси тасдиқланди. Бу йўналишда тижорат банкларга кўрсатма берилган. Уларга таъсисчи ва акциядорлари билан келишилган ҳолда, йўл харитасини қабул қилиши, натижаси бўйича Ҳисоб палатаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ахборот бериши тўғрисида кўрсатма берилган. Айтилган ҳолатларнинг банк тизимида юзага келишига сабаб инсон омили бўлса, уни камайтириш учун ахборот технологиялардан тизимда кўпроқ фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Бунда инсон омили иштирок этмаган, белгиланган ҳужжатлар тақдим этганда, компьютер ўзи кредит ажратиш бўйича қарор қабул қиладиган — модулли кредитлар тизимини кенг жорий этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Саидқаҳҳор Холхўжаев

Бундан ташқари, банкда андеррайтинг тизимига ўтиш жадаллашмоқда. Яъни мижоз туманларда туриб, кредит учун ҳужжатларни топширганда, банк ходими мижоз билан бевосита алоқа қилмайди. Балки тўпланган ҳужжатларни республикадаги андеррайтинг ходимига юборади. Бу ҳам коррупцион омилларни камайтиради», — деди Саидқаҳҳор Холхўжаев.

Йиғилишда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Марказий банки раиси ўринбосари лавозимларида ишлаб, кейинроқ «Халқ банки» ҳамда «Микрокредитбанк»ка раҳбарлик қилган Муродилла Эшматовнинг коррупциявий кирдикорлари ҳақида гапириб берган.

Мавзуга оид