Ўзбекистон | 18:26 / 24.11.2022
21231
5 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг биқинидаги 30 йилдан бери асфалт кўрмаган кўчалар. Ҳокимлик 1 сўм ҳам ажрата олмаслигини айтди

Kun.uz Юқори Чирчиқдаги кўлмакларга тўла учта кўчада яшовчиларнинг дардига қулоқ тутди. Бу кўчалар давлат дастурига киритилмагани учун ҳоким ўринбосари одамларга “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишни тавсия қилди ва ҳокимлик 1 сўм ҳам ажратолмаслигини айтди. Кейинги йилдан кучга кирадиган тартиб ҳокимликларга тайёр баҳона бўлганга ўхшайди.

Ўзбекистон қанчалик камбағаллик давлатлигини кўриш учун Тошкентдан бир қадам ташқарига чиқиш кифоя. Пойтахтга чегарадош Юқори Чирчиқ туманидаги Ёшлик ва Тинчлик маҳаллалари ҳудудига кирувчи Ўзбекистон, Оқибат ва Бахт кўчаларида одамга ўхшаб юриб бўлмайди – одамлар ёзда чангга, қишда лойга ботади.

Куздан баҳоргача ёмғир сабаб ички йўллар катта кўлмакларга тўлиб қолади. Таксичилар кўпинча бу кўчаларга киришни хоҳламайди – машинангиз бўлмаса, катта йўлдан уйингизгача лой кечиб боришга мажбурсиз.

Ўнлаб йиллардан бери асфалтланмаган бу кўчалар қачон эпақага келиши мутлақо номаълум. Туман ҳокимлиги бу кўчалар давлат дастурига киритилмаганини рўкач қилиб, одамларга “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғиб, ютиб чиқишга чақиряпти.

Ўзбекистон кўчасидан Оқибат кўчасига кираверишдаги йўллар / Фото: Kun.uz

Ёшлик ва Тинчлик маҳаллалари илгари бир ҳудуд бўлиб, Ийк-ота деб номланган. Ҳудуднинг бир қисми Тошкент шаҳри Бектемир туманига ўтказилгач, ҳозирда ҳудуд иккига бўлинган.

Биз гаплашган маҳалла одамлари бу ерга кўчиб келганларидан бери шу аҳвол экани, мурожаат қилмаган жойлари қолмагани, кўпроқ ёмғир ёғганида ҳовлиларигача сув кириши, бунинг учун алоҳида чуқурлар қазишганини айтишди. Одамларнинг арз-додини видеолавҳамизда томоша қилинг, биз мақолада туман ҳокимлигининг иддаосига эътибор қаратамиз.

Ўзбекистон кўчасидан Оқибат кўчасига кираверишдаги йўллар / Фото: Kun.uz

Юқори Чирчиқ тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Худойбергановнинг айтишича, Ёшлик ва Тинчлик маҳаллаларидаги ички йўлларнинг айримларини асфалтлаш масаласи шу йил октябр ойида қабул қилинган президент қарорига киритилган.

“Дўстлик кўчаси 500 метр, Яхши ният кўчаси 300 метр, Ойдин кўчаси 500, Жўшқин кўчаси 300 метр асфалтлаштирилади Ички йўллар учун 900 млн сўм ажратилган, бунинг учун лойиҳа смета ҳужжатлари ҳам тайёрланган. Лойиҳа шу йил сўнггига қадар амалга оширилиши керак.

Тинчлик маҳалласидан Бўстон кўчасигача 800 метр, Сахий кўчаси 1000 метр, умуман жами 3 510 метр узунликдаги кўчалар давлат дастурига киритилган. Лойиҳа "Шаффоф қурилиш" иловасига қўйилди, 5 кун ичида қурувчиси аниқ бўлганидан кейин, йўлларини таъмирлаб берамиз, ҳеч қандай муаммо йўқ”, – деди Шуҳрат Худойберганов.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, бу икки маҳалланинг барча кўчалари эмас, балки шу рўйхатда берилганларигини таъмирланади ёки қайта қурилади. Қолганлари – айнан биз борган Ўзбекистон, Оқибат ёки Бахт кўчалари эса дастурга киритилмаган.

Шуҳрат Худойберганов бу кўчаларда яшовчи фуқаролар “Ташаббусли бюджет” орқали кўп овоз йиғиб, ўз кўчаларини таъмирлатишлари мумкинлигини айтди. Бу дегани, агар аҳоли етарлича овоз йиғиб, бошқа маҳаллаларни ортда қолдирмаса, бир нечта кўчаларнинг ҳолати мана шундай абгорлигича қолаверади.

“Давлат дастури асосида кўп кўчалар қилинган. Ийк отада таъмирлаган кўчаларимизнинг кўпи Тошкент шаҳрига ўтиб кетди. Ўша ёнидаги кўчаларни ҳам қилганмиз, Бирлик маҳалласидаги. Энди, давлатнинг ҳам, ҳокимиятнинг ҳам пули бирдан ҳамма нарсага етмайди-ю. Босқичма-босқич бўлаётганди. Лекин ҳозир ҳокимият тарафидан мана шу ободонлаштириш, ички йўллар, ичимлик суви ёки қандайдир реконструкция, мактаб таъмири ва қурилиш ишларига ҳокимият тарафидан 1 сўм ҳам пул ажрата олмаймиз. Ҳозир давлат дастури умуман ўзгариб кетди. Ҳозир фақат мана шу “Ташаббусли бюджет” билан йўлми, ичимлик сувими, мактаб реконструкциясими – овоз тўплайдиган бўлса, очиқ бюджет лойиҳаси асосида амалга оширилади”, – деди ҳоким ўринбосари.

Шу нуқтада бир жиҳатга эътибор қаратиш керак.

Ҳақиқатан ҳам, 2023 йилдан бошлаб “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари “Ташаббусли бюджет”га қўшиб юбориляпти. Бу билан “Ташаббусли бюджет”га ажратиладиган пул миқдори 3,5 баробарга оширилиб, маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратиладиган бўлди.

Бу янгиликни ҳокимликлар ўзларича талқин қилаётган кўринади. 1 январдан бошлаб, туман-шаҳарлар ва вилоятлар бюджетидаги қўшимча маблағларнинг камида 30 фоизи фуқаролар ташаббуслари асосида йўналтирилади. Лекин бу дегани қолган 70 фоизни маҳалла йўллари ёки бошқа инфратузилма лойиҳаларига ишлатиб бўлмайди, дегани эмас-ку?

Бюджет даромадларининг режадан ошириб бажарилган қисми, яъни ҳудудларнинг ўзида қолаётган 70 фоиз пулни қаерга сарфлашни ҳокимлар ва уларга қарам кенгашлар ҳал қилади. Улар бу пулларни тадбир ўтказиш, гул экиш, ҳокимликни таъмирлаш ёки янги хизмат машинаси олиш учун сарфлаши мумкин-у, дастурга кирмай қолган маҳаллаларга сарфлаши мумкин эмасми?

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид