Ўзбекистон | 18:56 / 23.01.2026
3685
2 дақиқада ўқилади

“Оғир” маҳаллалардаги бўш ерлар ва давлат объектлари бошланғич нархи пасайтирилиб, сотувга чиқарилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Фото: eurasia.travel

Йиғилишда “оғир” тоифадаги маҳаллалар бўйича бир қатор таклифлар айтилди.

“Ҳоким ёрдамчилари ташаббускорларни топиб, маҳаллада микро ва кичик лойиҳаларни амалга оширишни анча ўрганди, тажриба орттирди. Энди улар ўзи масъул бўлган маҳалладаги ишини “лойиҳавий ёндашув” асосида ташкил қилишга ўтади”, деди президент.

Ҳоким ёрдамчиларини “лойиҳавий ёндашув” асосида ишлашга ўқитиш тизими йўлга қўйилиб, буни “оғир” маҳаллалардан бошлаш топширилди. Ҳар бир туман кесимида “лойиҳавий ёндашув” асосида амалга ошириладиган лойиҳалар портфели шакллантирилади.

“Оғир” маҳаллалардаги бўш ерлар ва давлат объектларининг бошланғич нархини 2-3 карра пасайтириб, сотувга чиқариш йўлга қўйилади.

Иш ўрни ва даромадни кўпайтириш бўйича энг яхши натижа кўрсатган 100 та “оғир” маҳаллага 1 миллиард сўмдан маблағ берилади. Ушбу маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Корея, Малайзия каби давлатларга бир ойлик малака ошириш курсларига юборилади.

“Маҳалла еттилиги” самарасини ошириш бўйича пойтахтда йўлга қўйилган тажриба энди барча туман ва шаҳарларда ҳам татбиқ этилиши белгиланди.

Бундан буён ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси маҳалла раиси тақдимномаси асосида туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва ишдан олинади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид