Ўзбекистон | 15:31 / 24.01.2026
2715
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллаларда аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш жорий этилади

Маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ҳар бир хонадон кесимида ўрганиш, уларни “Рақамли маҳалла” платформасига киритиш ҳамда давлат органлари томонидан ҳал этилишини онлайн назорат қилишга қаратилган янги тартибни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Фото: bukhara-news.uz

Янги тартибга кўра, “Маҳалла еттилиги” вакиллари ҳар бир хонадондаги муаммоларни белгиланган режа-график асосида ўрганиб боради. Аниқланган муаммолар босқичма-босқич “Рақамли маҳалла” электрон платформасига киритилиши йўлга қўйилади.

Шунингдек, муаммоларни тегишлилиги бўйича тезкор ҳал этиш мақсадида платформада сунъий интеллект орқали уларни тегишли вазирлик ва идораларга автоматик тақсимлаш имкониятини яратиш назарда тутилган. Муаммо ҳал этилмагунга қадар унинг ижро ҳолати Вазирлар Маҳкамаси томонидан қатъий назорат қилиб борилиши белгиланмоқда.

Ташаббус доирасида аҳоли мурожаатлари ва аниқланган муаммоларнинг ижобий ҳал этилиши вазирлик ва идоралар, шунингдек, улар раҳбарияти фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида белгиланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, “хонадонбай” аниқланган муаммолар ижросининг таъминланиши Ҳисоб палатаси ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан қатъий назоратга олинади. Назорат натижалари бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон президенти администрациясига маълумот киритиб бориш режалаштирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид