Жамият | 16:08 / 06.04.2021
8862
2 дақиқада ўқилади

Шаҳрихондаги алвастикўприк ўрнига янги кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди

Kun.uz мақоласидан сўнг маҳалладаги муаммога президент Шавкат Мирзиёев эътибор қаратган, селекторлардан бирида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновдан шу масалада изоҳ сўраганди. Кўприк қурилиши билан бирга, катта йўлга олиб чиқувчи 1,5 км йўлга асфальт ётқизилди.

Kun.uz Андижоннинг Шаҳрихон туманидаги Файзиобод маҳалласи аҳлини қийнаб келаётган яроқсиз кўприк, ҳудуддаги ичимлик суви ва электр таъминотидаги камчиликлар ҳақида мақола эълон қилган эди.

Видеомақола февраль ойида эълон қилингач, маҳалладаги муаммоларга президент Шавкат Мирзиёев ҳам эътибор қаратиб, селекторлардан бирида Андижон вилояти ҳокимидан изоҳ сўради.

Орадан икки ой ўтиб, биз яна Файзиободга бордик. Шаҳрихонсой устига узунлиги 32, эни 6,5 метр бўлган, транспорт воситалари ҳамда пиёдалар ўтишига мўлжалланган кўприк фойдаланишга топширилиб, кўприкдан Андижон–Қўқон йўлигача бўлган 1,5 километр йўлга асфальт ётқизилибди.

«Қишлоғимиз аҳолиси жуда хурсанд. Муҳтарам президентимизнинг назари тушиб, катта маблағ эвазига замонавий кўприк қуриб беришди. Енгил машина ҳам, юк машиналари ҳам бемалол ўтадиган бўлди.

Катта йўлга чиқиш ва маҳалламизга кириш йўллари асфальтланди. Кўприк жуда чиройли. Қўшни туманлардан ҳам одамлар келиб, кўриб дуолар қилиб кетишяпти», дейди маҳалла оқсоқоли Абдуманноб ота Исмонов.

Унинг сўзларига кўра, кўприк «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан қурилган.

«Вилоят ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан узоғимиз яқин бўлди. Икки ой давомида кеча-ю кундуз меҳнат қилиб, кўприкни битказган «Ўзбекистон темир йўллари» жамияти қурувчиларига ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», – дейди Абдуманноб ота Исмонов.

VwvYkCLkjOesVk7otpOYjvg8TXhfOI7S.jpg (1280×720)

Мавзуга оид