Таълим | 08:38 / 15.07.2025
4818
2 дақиқада ўқилади

Таълим муассасалари базасини ривожлантиришга оид ҳукумат қарори қабул қилинади

Фото: mpe.uz

"Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • мактабгача таълим муассасаларини моддий-техник жиҳозлаш талаблари;
  • умумий ўрта таълим муассасаларини моддий-техник жиҳозлаш талаблари;
  • мактабдан ташқари таълим муассасаларини моддий-техник жиҳозлаш талаблари тасдиқланади.

Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини моддий-техник жиҳозлаш талаблари:

  • мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасаларини (кейинги ўринда – таълим муассасалари) моддий-техник жиҳозлаш бўйича меъёрларни ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади;
  • нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун тавсиявий характерга эга бўлиб, уларни моддий-техник жиҳозлаш лицензия талаблари ва шартлари асосида амалга оширилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2025 йил 1 декабрга қадар мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини моддий-техник жиҳозлаш меъёрларини тасдиқлашни назарда тутувчи мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғини қабул қилади ва белгиланган тартибда тегишли вазирликлар ҳамда идоралар билан келишади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги таълим муассасаларини янгидан тасдиқланган меъёрлар асосида босқичма-босқич жиҳозлаш чораларини кўради.

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказига:

халқаро тажрибалар асосида таълим муассасаларидаги моддий-техник жиҳозлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиб бориш;
таълим муассасаларидаги моддий-техник жиҳозлардан фойдаланишда жаҳон илм-фанининг илғор ютуқлари ва замонавий таълим технологияларини қўллашга доир услубий тавсиялар, кўрсатмалар ва йўриқномалар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш тавсия этилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид