Кичик сиғимли автобуслар вақтинчалик чора сифатида қўйилмоқда — «Тошшаҳартранс»
Тез орада улар ўрнида катта сиғимли автобуслар ҳаракатлана бошлайди.
Тошкентда ҳаракатланаётган автобуслар сони мингтадан оширилди. Улар орасида Isuzu русумлилари ҳам талайгина. Бу кичик сиғимли автобуслар ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар (ҳомиладор ёки болали аёллар, қариялар) учун мослашмаган.
«Тошшаҳартранс» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Абдужамил Азизов пойтахтда бундай автобуслар йўналишга қўйилгани бўйича изоҳ берди. Унинг айтишича, бу масала – ҳозирча вақтинчалик ечим, жамоат транспортининг интервалларини қисқартириш учун қилинган ҳаракат ҳисобланади.
«Тез орада йўловчилар гавжум бўлган йўналишларга катта сиғимли автобуслар жойлаштирилади», – деди у.
Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовдан ҳам бу автобуслар интервалларни қисқартириш мақсадида сафарбар этилганини айтди.
«Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракат таркиби етишмовчилигини ҳисобга олган ҳолда қишнинг совуқ кунларида йўловчиларнинг кўчада туриб қолмаслиги, оралиқ интервалларни иложи борича камайтириш мақсадида кичик сиғимли Isuzuʼлар билан бўлса ҳам, жамоат транспортини кўпайтириш масаласи қўйилган.
Лекин бу – вақтинчалик чора, янги катта сиғимли автобуслар кириб келганидан кейин Isuzuʼлар шаҳар ташқарисидаги маълум бир ҳудудларни боғлайдиган йўналишларга йўналтирилади ва шаҳар ичи аҳоли учун қулай бўлган, катта сиғимли ҳаракат таркиблари билан тўлдирилади. Бу вақтинчалик чорани тўғри қабул қилиш керак», – деди у Kun.uz мухбири саволига жавобан.
Унинг қайд этишича, бу йил 190 та катта сиғимли автобус олиб келиниши керак бўлган, 90 та автобус келтирилган, аммо қолганлари ишлаб чиқарувчининг кечиккани сабаб етказилмаган.
«Ишлаб чиқарувчи вақтида етказиб беролмагани учун бу ишлар кейинги йилга ўтди. Мана шу автобусларнинг вақтида келмагани сабаб жамоат транспортидаги дефицит кўриниб қолди. 2-3 ой ичида автобуслар етиб келади. 2025 йилгача белгиланган мингта автобусни ҳам бирданига олиб бериш масаласи кўриб чиқиляпти», – деди лойиҳа офиси директори.
Бу мингта янги автобуслар қандай русумда бўлиши ва қаердан олиб келиниши аниқ эмас, аммо Обидовга кўра, 2023 йилда келтириладиган автобуслар энг камида экологик талабларга жавоб берадиган, замонавий бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Транспорт вазирлиги матбуот котибининг 21 декабрда берган маълумотига кўра, 850-870 та қатнов йўналишидаги автобуслар сони 1050-1090 тага кўпайтирилган. Йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқартирилган. Ҳозирда бу автобусларнинг ҳаракатланиши учун тажриба-синов тариқасида марказий кўчаларда йўлаклар ташкил этиляпти.
Айни вақтда махсус йўлаклар рўпарасига видеокамералар ўрнатилмоқда, унда қоидабузар сифатида қайд этилган ҳайдовчилар маълум миқдорда жаримага тортилади.
Мавзуга оид
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
19:32 / 30.10.2024
Фарғонада жамоат транспорти йўл ҳақи оширилди
15:35 / 21.10.2024
Вена яшаш учун энг қулай шаҳар деб топилди. Бунда жамоат транспортининг ўрни қандай?
18:10 / 19.10.2024