Жамият | 00:27 / 09.10.2018
83278
4 дақиқада ўқилади

Бухорода сўйилган қўйлар: бу қонунбузарликка ИИБ эмас, маҳалла йиғинлари айбдор бўлиб чиқди

Kun.uz сайтида 2018 йил 5 октябрда эълон қилинган «Бухорода ИИБ ходимлари ваколат доирасидан четга чиқмоқда: фуқароларнинг қўй-эчкилари судсиз мусодара қилинмоқда» сарлавҳали мақоласига Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати томонидан раддия берилди.

Раддиянинг матни қуйидагича:

«2018 йилнинг 1 октябрь куни Пешку тумани, «Хуррам» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Т.Тўйев ва Н.Юлдашевларнинг 6 бош қўй ва эчкилари «Нодирбек Дилнура» фермер хўжалиги пахта даласини пайҳон қилганлиги, шунингдек, 4 октябрь куни Бухоро тумани, «Талалиён» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Ш.Турсуновнинг бир бош қорамоли ва бир бош қўйи «Юринпоён ери» фермер хўжалиги пахта даласини пайҳон қилганлиги ҳолатлари юзасидан ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан юқорида номлари кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 104-моддаси бўйича (экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш) тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўриш учун суд идораларига юборилган».

«Ушбу ҳолатлар бўйича Пешку тумани, «Хуррам» МФЙнинг 2018 йил 1 октябрдаги 24-сонли йиғилиш баёнида маҳалла фаоллари томонидан фуқаро Т.Тўйев ва Н.Юлдашевга тегишли бир бош қўй ва бир бош эчкилар сўйилиб, ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга тарқатилиши, Бухоро тумани, «Талалиён» МФЙнинг 2018 йил 4 октябрдаги 26-сонли йиғилиш баёнида маҳалла фаоллари томонидан фуқаро Ш.Турсуновга тегишли 1 бош қўй сўйилиб, ҳудуддаги 38-сонли мактабгача таълим муассасасига топширилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ушбу сўйилган қўй-эчкиларнинг гўштлари маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари томонидан рўйхат асосида кам таъминланган оилаларга (6 та)  тарқатилиб, мактабгача таълим муассасасига топширилганлиги ҳақида маълумотнома олинган», — дейилади ИИБ ахборот хизматининг раддиясида ва майда молларнинг сўйилиши ҳақидаги қарорга маҳалла фуқаролари йиғини масъул қилиб кўрсатилмоқда.

Табиийки, ИИБнинг бу раддиясидан сўнг қатор саволлар туғилади: маҳалла фуқаролар йиғини бунга ваколатлими, уларнинг йиғилиш баёни фуқаронинг мулкидан маҳрум қилишга ва ўзга шахсларга бериб юборилишига асос бўла оладими, маҳалла фуқаролар йиғини вакилларининг йиғилишида ИИБ ходимларининг иштироки унда қабул қилинадиган қарорга қанчалик таъсир ўтказди, қўй ва эчкиларнинг сўйилишига Ички ишлар органларининг алоқаси йўқ экан, нега бу ўзбошимчалик вилоят ИИБнинг расмий сайтида эълон қилинди?

Боз устига, сўйилаётган жонлиқ тасвирланган суратлардан бирида ИИБ ходими ҳам тасвирланган (хизмат кийимидан англаш мумкин). Мана шулар фуқароларнинг мулки бўлган жониворларнинг ноқонуний мусодара этилиши ва сўйиб талон-торож этилишида маҳаллий ички ишлар органлари ходимлари бевосита бош-қош бўлганини билдирмайдими?

Модомики фуқароларнинг мулки тортиб олинишига маҳалла фуқаролар йиғини айбдор экан, уларга нисбатан Ички ишлар органлари томонидан қандай жазо қўлланди?

Ҳуллас саволлар кўп, уларга жавобни эса Бухоро вилоят ички ишлар бошқармасининг мазкур хабарга нисбатан навбатдаги «раддия»сидан топсак ажаб эмас.

Аввалдан сезгандик, муқаддам эълон қилинган хабарда юз берган ҳодисани ижобий қабул қилиш учун асос бўладиган бошқа «далиллар» пайдо бўлиб қолиши эҳтимоли ҳақида сўз юритган эдик. Ҳақ бўлиб чиқдик.

Кўрамиз, бу масалага Бухоро вилоят фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгаши қандай муносабат билдирар экан.

Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид