Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил ва Ливан 30 йилдан сўнг музокара столига қайтади
АҚШ президенти Дональд Трамп 15 апрель куни Truth Social ижтимоий тармоғида ёзишича, Исроил ва Ливан етакчилари 16 апрель куни музокаралар ўтказади. Унинг таъкидлашича, бу икки давлат раҳбарлари ўртасида сўнгги 30 йилдан ортиқ вақт ичидаги илк учрашув бўлиши мумкин.
Фото: AP
“Исроил ва Ливан ўртасидаги кескинликни камайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Бу икки давлат етакчилари ўртасида музокаралар ўтганига тахминан 34 йил бўлди. Эртага бу амалга ошади. Жуда яхши!” — деб ёзган Трамп.
Бироқ музокараларда қайси даражадаги раҳбарлар — президентлар ёки бош вазирлар иштирок этиши, шунингдек учрашув қаерда бўлиб ўтиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
14 апрель куни Вашингтонда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирокида Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиэль Лейтер ва Ливаннинг АҚШдаги элчиси Нада Ҳамаде Моавад ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Бу 1993 йилдан бери илк шундай мулоқот ҳисобланади.
АҚШ Давлат департаменти ушбу учрашувдан сўнг томонлар тинчлик музокараларини бошлаш йўлида муайян қадамлар қўйганини маълум қилди. Бироқ музокараларнинг аниқ вақти ва жойи кейинроқ белгиланиши айтилган.
Музокаралар арафасида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу мамлакат Ливан билан барқарор тинчлик келишувига эришишни истаётганини билдирган. Шу билан бирга, Исроил Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳини қуролсизлантиришни талаб қилмоқда.
Нетаньяҳунинг идораси 15 апрель куни кечқурун Исроил Ливан билан музокаралар олиб бораётганини расман тасдиқлади.
Исроилнинг асосий мақсадлари — “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ва узоқ муддатли тинчликка эришиш. Ливан ҳукумати эса ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини жанубий Ливандан чиқаришни талаб қилмоқда.
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги можаро 2026 йил март ойида яна кескинлашди. Бу АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруш бошлаганидан сўнг юз берган.
2024 йилда Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантиришга ваъда берган бўлса-да, амалда буни бажариш қийин кечмоқда. Чунки Ливан армияси ушбу гуруҳга нисбатан анча заиф деб баҳоланади.
“Ҳизбуллоҳ” Исроил ва Ливан ҳукумати ўртасидаги музокараларга қарши чиқмоқда. Вашингтондаги учрашув арафасида гуруҳ Исроилнинг шимолига ракета зарбалари берган.
28 февралдан бошлаб АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳаво зарбалари берган. Бу ҳужумларда Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ва қатор юқори лавозимли шахслар ҳалок бўлган.
Эрон эса жавоб тариқасида Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар билан зарба берган.
8 апрель куни АҚШ ва Эрон икки ҳафталик ўт очишни тўхтатишга келишиб олган. Бироқ бу сулҳ Исроилнинг Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га қарши амалга ошираётган зарбаларига татбиқ этилмаган.
Ливан маълумотларига кўра, 8 апрель куни Исроил ҳужумлари натижасида 350 киши ҳалок бўлган, 1000 дан ортиқ одам яраланган.
9 апрель куни Исроил ҳукумати Биньямин Нетаньяҳу Ливан билан тўғридан тўғри музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берганини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:22 / 16.04.2026
Трамп Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини эълон қилди
18:29 / 16.04.2026
Эрон АҚШ ва Исроилни мамлакат раҳбариятининг ўлдирилиши учун жавобгарликка тортмоқчи
09:41 / 15.04.2026
Исроил ва Ливан тинчлик музокаралари томон қадам ташлади
23:02 / 14.04.2026